Қонун ҳаммага баробар– ўзбошимчалик учун жавоб берилди

Халқимизнинг фаровон яшашини таъминлайдиган асосий манбалардан бири бу— ер ресурсларига нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, улардан унумли ва самарали фойдаланишдир.

Амалдаги қонун ҳужжатлари, хусусан, Вазирлар маҳкамасининг “Аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, шунингдек тадбиркорлик мақсадлари учун ер ажратиш тартибини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ўзбошимчалик билан қурилган барча турдаги иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кучайтиришга қаратилган.

Аниқланишича, фуқаро (исм-шарифлар ўзгартирилган) О.Абдуллаев Тупроққалъа тумани Питнак қишлоғидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерни ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ўзбошимчалик билан турар жой пойдевори қурган. Мазкур ҳолат юзасидан, Кадастр агентлигининг Тупроққалъа тумани бўлими фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаатда кадастр бўлими Тупроққалъа тумани Питнак қишлоғи қишлоқ хўжалик ерига қарашли 0,017 гектар экин ер майдонида ўзбошимчалик билан турар жой пойдевори қурганлигини кўрсатиб, ноқонуний равишда қурилган қурилишни жавобгар ҳисобидан буздириб, ер майдонини олдинги ҳолатига келтириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришини сўраган.

Шунингдек, суд мажлисида даъвогар томон фуқаро О.Абдуллаевни Ер кодексининг 91-моддасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилиши, ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги турар жойни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланиб қўйилганлиги тўғрисида огохлантиргани ҳақида таъкидлаб ўтди. Лекин О.Абдуллаев жой пойдеворини бузиб олмасдан келаётганлиги сабабли судга мурожаат қилишга мажбур бўлганлигини билдирди. Шунингдек, ушбу қонунбузилиш ҳолатини бартараф этилишини сўраб тушунтириш берди.

О.Абдуллаев қўзғатилган даъво аризасини тан олиб, турар жойга эҳтиёжи бўлганлиги сабабли қурилиш ишларини амалга оширганлигини, лекин ер майдонини ўзига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлигини, эндиликда турар жойига кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга ҳаракат қилишини айтиб, суддан даъво аризани рад қилишини сўраган.

Аммо қонун барчага бирдек баробар. Суд юқоридагиларга асосланиб, ноқонуний қурилишни буздириш ва ерни олдинги ҳолатига келтириш ҳақидаги даъво талаблари асосли ва қаноатлантирилиши лозимлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 141, 280, 283-моддаларига кўра тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши тўғрисида якуний хулосага келди.

Руслан Жумабаев,

Фуқаролик ишлари бўйича,

Боғот туманлараро суди судъяси