Хоразм вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиши таҳлили

Хоразм вилоят маъмурий судига ҳамда Урганч туманлараро маъмурий судига 2024 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинган.

Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, 2024 йил давомида Хоразм вилоят ва Урганч туманлараро маъмурий судлари томонидан умумий мазмундаги жами 136 (2023 йилнинг шу даврида 169) та мурожаатлар келиб тушган.

Ушбу тоифа мурожаатларнинг ўтган йил шу даврига нисбатан 33 тага ёки бўлмаса, 19,5 фоизга камайганини қайд этиш мумкин.

Хоразм вилоят, туманлараро маъмурий судлари раислари ва судьялар томонидан 2024 йил давомида ўтказилган шахсий (сайёр) қабулларда жами 680 (2023 йилнинг шу даврида 798) нафар мурожаатчилар қабул қилинган. Ушбу тоифа мурожаатларнинг ўтган йил шу даврига нисбатан 118 тага ёки бўлмаса, 15 фоизга камайганини қайд этиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг веб-сайти, Бош Прокуратура Ишонч телефони орқали ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси веб-сайти орқали ҳисобот даврида жами 174 (2023 йилнинг шу даврида 212) та мурожаат келиб тушган. Ушбу тоифа мурожаатларнинг ўтган йил шу даврига нисбатан 38 тага ёки бўлмаса, 18 фоизга камайганини қайд этиш мумкин.

Таҳлил натижаларидан шуни кўриш мумкинки, жорий йил давомида келиб тушган барча турдаги мурожаатлар жами 990 та (ўтган йил шу даврида 1179 та)ни ташкил қилган бўлиб, ўтган йил шу даврига нисбатан 189 тага ёки бўлмаса, 16 фоизга камайган.

Жойларда ташкил қилинган сайёр қабуллар жараёнида фуқароларга мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, мурожаатларни таҳлил қилиш жараёнида аксарият ҳолларда қуйи суд қарорлари устидан юқори инстанцияларга шикоят қилиш тартиблари ва муддатлари тўғрисида етарли ҳуқуқий билимга эга эмасликлари, шунингдек, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан судга мурожаат қилиш тартиби ва ҳуқуқларини билмаганликлари сабабли ҳамда иш маъмурий суднинг турли босқичларида суд мажлисида кўрилиб турган жараёнларда ишда иштирок этувчи шахслар талаб ва илтимосларини тўғридан-тўғри суд мажлисида баён қилмасдан, шу йўсинда мурожаат қилишлари кўринади.

Жумладан, кўпгина мурожаатларда фуқаролар томонидан суд қарорлари устидан юқори инстанция судларига апелляция ёки кассация шикояти берилмасдан, мурожаат қилиш ҳолатлари учрамоқда. Хусусан: Фуқаро M.J. Ўзбекистон Республикаси Олий судига murojaat.gov.uz орқали йўллаган мурожаатида маъмурий ишнинг натижасидан норозилик билдирган.

Ўрганиш жараёнида, Урганч туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорига кўра, аризачининг жавобгар туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш рад этилганлиги аниқланган.

Шунга кўра, мурожаатчига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 200-моддасида ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти ва ушбу Кодекснинг 224-моддасида ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли эканлиги, шу сабабли, келгусида ишда иштирок этувчи шахслар иш бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори устидан белгиланган давлат божи ва почта харажати тўланганлиги, шунингдек шикоятга ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгар ҳамда бошқа тарафларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда Урганч туманлараро маъмурий суди орқали вилоят маъмурий судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят беришлари мумкинлиги тушунтирилган.

Шунингдек, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан судга мурожаат қилиш тартиби ва ҳуқуқларини билмасликлари оқибатида мурожаат қилиш ҳолатлари бўйича қуйидагиларни мисол келтириш мумкин:

Фуқаро U.A. Ўзбекистон Республикаси Президентига Сектор сайёр қабули орқали йўллаган мурожаатида ер участкасининг ҳоким қарори асосида ноқонуний равишда олиб қўйилганлигидан норозилик билдириб, ер участкасининг қайтарилишида амалий ёрдам беришни сўраган. Ўрганиш жараёнида, унинг аризаси асосида юритилган маъмурий иш Хоразм вилоят ҳамда Урганч туманлараро маъмурий судлари иш юритувига келиб тушмаганлиги ва кўриб чиқилмаганлиги аниқланган.

U.A.ga Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 185-моддасида, манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли, унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган, унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган ёки унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги ҳамда келгусида маъмурий органнинг ёки улар мансабдор шахсларининг ўзи нотўғри деб ҳисоблаган қарорлари, хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 128, 130-моддаларига мувофиқ Урганч туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилган.

Темур Юсупов, Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси