ҲАЗОРАСПДА НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛМА СУД ОРҚАЛИ БАРТАРАФ ЭТИЛДИ

ҲАЗОРАСПДА НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛМА СУД ОРҚАЛИ БАРТАРАФ ЭТИЛДИ ердан

Инсон яшаши, ризқ топиши, фаровон турмуш кечириши учун ердан унумли фойдаланмоғи лозим. Бунинг натижаси эса инсон учун ҳам, халқ ва давлат учун ҳам катта манфаат келтиради.

Ердан фойдаланиш ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашда ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари масъулиятини янада ошириш мақсад қилинган.

Мамлакатимизда аҳоли сонининг йилдан-йилга ўсиб бораётгани сабаб уларни етарли ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга эхтиёж йил сайин ортиб бормоқда. Бунда эса мавжуд ўзгармас бойлигимиз бўлган ердан унумли фойдаланишга эришиш устувор масала бўлиб қолмоқда.

Афсуски айрим холларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, улардан самарасиз фойдаланиш ҳоллари ҳам учраб турибди.

Ердан ноқонуний фойдаланган ва ўзбошимчалик билан уй қурган фуқароларда на ерга, на мулкка нисбатан ҳуқуқни берувчи ҳужжатнинг ўзи йўқ.

Ер ҳоким қарорисиз (ёки бошқа ҳужжатсиз) эгаллаб олинса “ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш”, деб ҳисобланади ва бу жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳазорасп туман ҳокимининг 2019 йил 27 январдаги қарорига асосан тумандаги пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги “Гулрух Наврўзбек Бекзодбек” фермер хўжалигига туман захирасидаги Бўстон қишлоғи қишлоқ хўжалиги ер харитасининг контурларидан қўшимча жами 60,4 гектар ер майдони узоқ муддатга ижарага ажратиб берилган.

Фуқаро Х.Носиров ва К.Носировлар (исм фамилиялар ўзгартирилган) томонидан Ҳазорасп туманидаги “Гулрух Наврўзбек Бекзодбек” фермер хўжалигига қарашли ер харитасининг 55-контурида жами 110 кв.метр ер майдонида ноқонуний равишда молхона ва турар жойга мўлжалланган бино қурилганлиги аниқланиб, мутахассислар иштирокида далолатнома тузилган.

Х.Носиров ва К.Носиров қурилишни бузиш тўғрисида огоҳлантирилган, лекин жавобгарлар томонидан ноқонуний қурилиш ишлари бартараф қилинмаганлиги сабабли даъвогар Ҳазорасп туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер хўжалиги манфаатида жавобгарларга нисбатан ноқонуний қурилишни бузиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Унга кўра, жавобгар Х.Носиров ва К.Носировлар томонидан “Гулрух Наврўзбек Бекзодбек” фермер хўжалигига қарашли ер харитасининг 55-контурида жами 110 кв.метр ер майдонида қурилган молхона ва турар жой биносини уларнинг ҳисобидан бузиб ташлаш ва ер майдонини олдинги ҳолатга келтириш;

жавобгарлардан даъвогар Ҳазорасп туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фойдасига почта харажати учун тўланган
19 600 сўмни ундириш;

жавобгар Х.Носиров ва К.Носировлардан давлат фойдасига
490 000 сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 91-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
212-моддасида ҳам ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмаслиги, ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозимлиги белгиланган.

Амалдаги қонунларга кўра агар фуқаро ёки тадбиркор ер участкасини ноқонуний, яъни ҳеч қандай ҳужжатсиз (ҳаттоки ёнидаги бўш турган “ҳеч кимга керак бўлмаган” ерни ҳам) эгаллаб олса, ушбу ер участкаси унинг розилигисиз олиб қўйилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ердаги бино бузилади. Ноқонуний эгаллаб олинган ердаги бино учун компенсация берилмайди, аксинча қонунни бузган шахс жаримага тортилади ва у ўз ҳисобидан ерни аввалги ҳолатига қайтариши шарт.

Хулоса ўрнида айтганда ердан самарали фойдаланиш орқали фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мулк ҳуқуқи ва дахлсизлиги, фуқароларнинг сифатли ҳамда арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишига эришиш айниқса, умуммиллий бойлигимиздан унумли фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир.

Хушнуд Балтаев,
Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси