Аҳоли билан очиқ мулоқот





Фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиш, уларга қонунчиликдаги янгиликлар мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда ҳудуддаги жиноятчилик ҳолатини муҳокама қилиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг тергов судьяси З. Мадраҳимов томонидан туманнинг “Қумравот” маҳалласида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мазкур тадбир давомида судья томонидан маҳаллада содир этилган ҳуқуқбузарликлар таҳлилига алоҳида тўхталиб ўтилди, ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатлари ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлиги аниқ ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Шунингдек, иштирокчиларга қонунларга риоя этиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, иштирокчилар ЎРҚ-1084-сонли Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳамда Президентимизнинг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти билан таништирилди. Хусусан, ушбу ҳужжатда аёллар учун белгиланган имтиёзлар, кафолатлар ва уларни ҳимоя қилиш механизмлари атрофлича тушунтириб берилди.
Тадбир давомида сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилди. Унда кўриб чиқилган айрим маъмурий ишлар тарафларнинг ярашуви билан тугатилган бўлса, бошқа ҳолатларда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонун доирасида тегишли жазо чоралари тайинланди. Мазкур сайёр мажлис аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда муҳим аҳамият касб этди.












































































