Туманларда аҳолининг судга доир мурожаатлари ўрганилмоқда

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда.

Хоразм вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди раҳбарияти томонидан фуқароларнинг судга доир мурожаатларини “маҳаллабай” ўрганиш мақсадида ўтказилаётган сайёр қабулларнинг навбатдагиси Хонқа туманидаги «Эзгулик» маҳалласи ҳамда Хива туманида ўтказилди.

Суд-ҳуқуқ тизимига доир мурожаатлари мавжуд бўлган фуқаролар вилоят судлари раислари ва судьялар томонидан қабул қилиниб, уларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Хонқа туманидаги қабул жараёнида мурожаатларнинг асосий қисми оилавий низоларни суд тартибида ҳал этиш масаласида бўлди. Хусусан, никоҳдан ажрашмоқчи бўлган ёш оилаларга туман ҳокмилги масъул ходими билан биргаликда оилани сақлаб қолиш ва ёшларни иш билан таъминлаш юзасидан амалий ёрдам берилди.

Хива туманидаги қабулларда эса 3 та ариза ижобий ҳал этилиб, маҳкумлар жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Шунингдек, судда кўрилиш лозим бўлган ишлар бўйича фуқароларга судга даъво ариза киритиш тартиби тушунтирилди.

Жараёнларда ҳеч кимнинг масаласи эътибордан четда қолмади. Қабуллардан мақсад ҳам туманларда истиқомат қилувчи аҳолини овора қилмасдан, яшаш ҳудудларига бориб мулоқотлар ўтказиш ва мурожаатларини ҳал этиш бўйича аниқ йўналиш беришдир.

Маҳаллада сайёр суд ўтказилди

Судлар томонидан маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлислари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман суди томонидан «Ёшлик» маҳалласида сайёр суд мажлиси ташкил этилди.

Тадбирда дастлаб туман судининг тергов судьяси Ш. Сейтирзаев томонидан оилавий зўравонлик ва бошқа тоифадаги маъмурий ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Айрим ишлар ярашув билан тугатилган бўлса, айрим ишларда ҳуқуқбузарларга тегишли жазо тайинланди.

Сайёр суд мажлисидан кейин туманда кўп содир этилаётган оилавий зўравонлик ҳолатлари маҳалла фаоллари билан муҳокама қилиниб, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, бугун долзарб ҳисобланган ёшларни гиёҳвандликдан асраш масалаларига ҳам тўхталинди.

Судда очиқ эшиклар куни

Суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолини судлар фаолияти, соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар билан яқиндан таништириш мақсадида вилоят судларида мунтазам равишда «Очиқ эшиклар куни» тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилди.

Навбатдаги ана шундай тадбир фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судида ташкил этилди. Унда ўқувчилар, ОАВ вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.

Тадбир судья ва қатнашчилар мулоқотидан бошланди. Унда маърузачилар судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда судларда кўрилиш сони ошган низолар таҳлили ҳақида гапиришди.

Мулоқотларда суд тизимидаги ислоҳотлар, тизимда коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталинди. Жумладан, «Ўзбекистон-2030» стратегияси ва Президентимизнинг 140-сонли фармонига асосан суд тизимини рақамлаштириш бўйича маълумотлар берилди.

Шундан сўнг иштирокчилар туман суди биносида судга ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар, прокурор хонаси, адвокатлар хонаси, суд архиви ва китобхонликни тарғиб қилиш масадида ташкил этилган «Китоб бурчаги» билан танишдилар.

“Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида ҳамда вилоят суди раҳбариятининг қабулида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.

Судларда «Китоб бурчаги» ташкил этилди

Хоразм вилоят суди томонидан ​судья ва суд ходимларининг нафақат касбий маҳорати, балки уларнинг маънавий оламини бойитиб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда вилоятдаги барча суд биноларида ходимлар учун махсус «Китоб бурчаги» ташкил этилди.

​Мазкур лойиҳа давлатимиз томонидан илгари сурилаётган китобхонлик маданиятини юксалтириш ташаббусининг амалий ифодаси бўлиб, иш жараёнида ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва улар учун маданий ҳордиқ муҳитини яратишга хизмат қилади.

​Мунтазам мутолаа хотира ва диққатни жамлашни яхшилайди, мулоқот самарадорлигини оширади, бу эса мураккаб ишчи вазифаларни бажаришда муҳим рол ўйнайди.

​Янги ташкил этилган китоб жавонидан жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара намуналари, шахсий ривожланишга оид бестселлерлар ҳамда соҳавий мутахассисликка оид адабиётлар жой олган.

Эътиборли жиҳати, мазкур бурчак «Bookcrossing» (китоб алмашинуви) тизимида ишлайди — ходимлар ўзлари ўқиган қизиқарли китобларни жамоа билан баҳам кўришлари мумкин.

Бўлажак юристлар билан очиқ мулоқот

Суд тизимида малакали кадрлар захирасини яратиш бугунги куннинг устувор вазифасидир. Хусусан, судьялик лавозими учун белгиланган 35 ёшлик мезонни инобатга олсак, кадрларни талабалик давриданоқ тизимга мослаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, Хоразм вилоят судлари Урганч давлат университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган талабаларни ёш кадрлар сифатида тайёрлаб бормоқда.

Маълумки, суд ходими учун билим ва кўникмадан ташқари, юксак муомала маданияти, ҳалоллик ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат энг асосий фазилатлар ҳисобланади. Бу кўникма ва талаблар эса 2024 йилда ташкил этилиб, талабаларни касбга тайёрлашнинг самарали механизмига айланаётган «Бўлажак суд ходимлари» клубида ўргатилмоқда.

Университетда ташкил этилган навбатдаги учрашувда вилоят судининг кадрлар бўлими бош консультанти С.Салаев ва малака ҳайъати котиби Р.Умаров ҳамда вилоят маъмурий судининг девонхона мудири Б.Солоев ва судья катта ёрдамчиси О.Мадрахимовлар томонидан талабаларга “Бўлажак суд ходимлари” клубининг бугунги фаолияти ва унга аъзо бўлиш тартиби, суд тизимига ишга киришда ходимларга қўйиладиган талаблар тўлиқ тушунтирилди.

Шунингдек, мулоқотларда жамиятда долзарб ҳисобланган ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига ҳам тўхталинди. Талабалар гиёҳвандлик, диний экстримизм ва коррупцияга оид жиноятлар домига тушиб қолмаслиглари тушунтирилди.

Ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди

Ёшларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш мактаб давридан бошланса яхши натижага эришиш мумкин. Зеро, Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятини тўлиқ тушунган шахслар келгусида ҳуқуқбузарликка қўл урмайди.

Вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Б.Вапаев томонидан Урганч шаҳридаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида битирувчи синф ўқувчилари учун очиқ дарс машғулоти ўтказилди.

Унда ўқувчиларга суд тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берди. Жумладан, суд ҳокимиятининг одил судловни таъминлашдаги ўрни, судларда кўриладиган ишлар тоифаси, судга мурожаат қилиш тартиби ва “my.sud.uz” электрон платформаси орқали масофавий интерактив хизматлардан фойдаланиш тушунтирилди.

Шунингдек, ўқувчилар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, гиёҳвандликнинг ёшлар келажагига салбий таъсири бўйича маълумот берилиб, мавзу юзасидан қатнашчиларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Сайёр судлар инсонни тўғри хулоса қилишга ундайди

Хоразм вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда жиноятга жазо муқаррар эканлигини аҳолига тушунтириш мақсадида вилоят суди раиси томонидан тасдиқланган режага асосан жиноят ишлари бўйича судлар томонидан маҳалла, корхона ва ташкилотларда кенг қамровли сайёр судлар ўтказилмоқда.

Ана шундай сайёр суд жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди томонидан “Гулзор” маҳалласидаги маданият уйининг катта залида бўлди. Суд процесси учун катта бино танланиши бежизга эмас, судьялар бугунги криминоген вазиятни инобатга олиб, сайёр суддаги кузатувчи фуқаролар сонини кўпайтиришни мақсад қилган. Зеро, суд жараёнини, судланувчиларнинг пушаймонлигини, қўлига кишан солинишию, тайинланган жазони ижро этишга юборилишигача барча процессуал ҳаракатлар фуқароларнинг кўз ўнгида кўрсатилиши сайёр суднинг таъсирчанлигини оширади. Иштирокчиларни жиноят тушунчаси ва унинг салбий оқибатлари ҳақида хулоса қилишга ундайди.

Сайёр судда туман прокуратураси ва ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилиб, унда асосан профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар, ёшлар ҳамда маҳалла фаолларидан иборат 150 нафарга яқин иштирокчининг қатнашиши таъминланди.

Дастлаб, вилоят суди судьяси О.Маҳмудов қатнашчиларни 2025 йилда туманда содир этилган жиноятлар таҳлили, ёшлар орасида кўп учраётган ҳуқуқбузарликлар ва юртимизда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Жиноятчиликнинг ёшлар келажагига салбий оқибатлари аниқ мисоллар билан тушунтирилди.

Суд процесслари туман суди раиси Ф.Исмоилов ва тергов судьяси Б.Рузметовлар томонидан ўтказилди. Суд мажлисларида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган бир гуруҳ шахсларга оид ҳамда пробация гуруҳи тақдимномаларига асосан ишлар кўрилиб, уларга тегишли жазолар тайинланди. Барча процессуал ҳаракатларга гувоҳ бўлган иштирокчилар эса бу жараёндан ўзига тўғри хулоса чиқарди дейиш мумкин.

Талабалар учун манфаатли мулоқот

Ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларни суд-ҳуқуқ тизимига доир қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Маъмун университетида “Суд ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Самимий мулоқот тарзида ўтган тадбирда вилоят суди судьялари З.Якубов, М.Маҳмудов ва Д.Муратовлар сўзга чиқиб, судьялик касбининг машаққати, Давлат номидан қарор қабул қилишнинг масъулиятини талабаларга аниқ мисоллар билан тушунтиришди.

Айниқса, аудитория ёшлар эканлиги инобатга олиниб, судьялар томонидан гиёҳвандлик моддалари билан ноқонуний муомала қилганликка оид жиноятлар таҳлили ҳамда жиноий жавобгарликка тортилиш талабаларнинг шахсий ҳаёти ва карьерасига салбий таъсири ҳақида тўхталинди.

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Судья ва суд ходимлари учун маърифат соати

Хоразм вилоят судида ҳафтанинг жума кунида маърифат соатини ўтказиш яхши анъанага айланган. Унда асосий эътибор судья ва ходимларнинг билим ва маънавиятини ошириш, уларни қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда соҳага доир ислоҳотлар билан мунтазам таништириб боришга қаратилади.

Бу галги маърифат соатини олдингиларидан анча фарқли ва маънавий озуқага бой бўлди дейиш мумкин, чунки февраль ойидаги муҳим саналар ташкилотчилар эътиборидан четда қолмади.

Вилоят суди раҳбарияти, барча судья ва ходимлар иштирок этган тадбир улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда буюк саркарда, давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланди.

Маърифат соатига таклиф этилган Урганч давлат университетининг Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчилари иккала мутафаккирнинг ҳаёти ва ижоди, ёзган асарларининг инсон камолотидаги аҳамияти, улар қолдирган бой мерос ҳақида батафсил тушунтириш беришди.

Алишер Навоийнинг “Маҳбуб-ул қулуб” асарида “Чолғу асбобининг тори созланмаган бўлса, овози бузилади. Модомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим.” дейилган. Ўз даврида қозилар ҳақида айтилган бу гаплар бугунги кунда ҳам судьялар фаолиятининг асосий тамойили саналади.

Тадбирда мутафаккирлар асарларида илгари сурилган адолат ва ҳалоллик ғоялари, аҳоли билан мулоқот қилиш одоби каби маълумотлар ҳақида ҳам тўхталинди.

Шунингдек, вилоят суди раиси томонидан судьялар ва суд ходимлари одоб-ахлоқ қоидалари, хизмат интизомига доимий равишда риоя қилиши ҳамда коррупцияга қарши муросасиз курашишда фаол бўлиши лозимлиги яна бир бор эслатилди.

Судья ва ёшлар мулоқоти

Урганч туманлараро иқтисодий суди томонидан Маъмун университетида “Судья ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Унда туманлараро суди раиси Б.Давлатов, судьялар Н.Аллаберганова ва Э.Розумбетовлар талабалар билан суд тизимидаги ислоҳотлар ва қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан мулоқот қилишди.

Тадбирда асосий мавзу Президентимизнинг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда унда белгиланган вазифалар юзасидан бўлди.

Жумладан, мазкур Фармонда кўзда тутилган муҳим ислоҳотлардан бири бу иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштириш бўлиб, унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида жами 14 та иқтисодий судлар ташкил этилгани ҳамда бунинг аҳамиятига алоҳида тўхталинди.

Шунингдек, бугун долзарб ҳисобланган экологияни ҳимоя қилиш масаласи ҳам тушунтирилиб, иқтисодий судлар томонидан экологияни ифлослантираётган корхоналар фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби бўйича ҳам маълумот берилди.

Skip to content