Хоразмда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда судлар томонидан солиқ низоларини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Унда Олий суд раиси ўринбосари Ш. Полванов ва Олий суд судьяси Д. Каримов, Хоразм вилоят судлари раислари ҳамда судьялари, шунингдек, вилоят прокуратураси ҳамда давлат солиқ бошқармаси ва туман давлат солиқ инспекциялари ходимлари иштирок этди.

Семинарда суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари натижалари бўйича қарорлар қабул қилишда йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатлари, солиқ ҳисоблаш, молиявий жарима ва имтиёзларни қўллаш ҳамда солиқ органларининг қарорлари асосида солиқларни ундиришдаги хатоликларга оид муҳим масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Семинарда судларда кўриб чиқилаётган солиқ низоларига доир айрим масалалар юзасидан ягона ёндашувни шакллантириш зарурати юзага келганлиги таъкидланди. Ана шундан келиб чиқиб, Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори ишлаб чиқилганлиги ва уни амалиётда энг зарур деб ҳисобланган масалалар бўйича қўллаш юзасидан таклифлар ўрин олганлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Шунингдек, семинарда солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципини қўллашда солиқларни ҳисоблаш, ундириш, тўлаш ёки солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасидаги муносабатларда вужудга келган қарама-қаршиликлар ҳамда ноаниқликларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш берилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати