Қонунларни тўғри қўллаш бўйича семинар







Хоразм вилоят судида Олий суд Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги 21-сонли ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги 23-сонли қарорлари мазмун-моҳиятини давлат органлари ва тегишли ташкилотларга етказиш бўйича семинар ўтказилди.
Унда вилоят судининг иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари судьялари, туманлараро судлар судьялари, вилоят прокуратураси, ИИБ, адлия, солиқ, божхона ҳамда Марказий банк вилоят бошқармалари ходимлари, тугатиш бошқарувчилари ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Семинарда судьялар сўзга чиқиб, Пленум қарорларининг қонунчиликни тўғри талқин этиш ва суд амалиётида вужудга келаётган тушунмовчиликларни бартараф қилишдаги роли ҳақида фикр билдиришди. Жумладан, Пленум қароридаги ўзгартиришлардан кўзланган мақсад, ушбу тоифадаги ишларни кўришда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳамда қонунчилик талаби ҳақида батафсил тўхталинди.
Шунингдек, қатнашчиларга иқтисодий судлар томонидан МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳалқилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш юзасидан суд амалиёти ҳақида ҳам маълумот берилди.
Семинар савол-жавоб тарзида давом этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан йиғилганларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.






