Суд қарорлари ижроси — адолатни таъминлашнинг муҳим босқичи

Хоразм вилоятида суд қарорлари ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш масалаларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Унда Хоразм вилоят суди, вилоят маъмурий суди ҳамда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда суд раислари, судьялар ва МИБ ходимлари бмлан суд ҳужжатларининг ижросини таъминлашдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ижро жараёнида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда иш самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Семинар давомида жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюросига юборилган ижро ҳужжатлари, уларнинг ижроси ҳолати, шунингдек айрим ижро ҳужжатларининг қайтарилишига сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди. Мутахассислар томонидан мазкур ҳолатларнинг сабаблари ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, мулоқотлар жараёнида ижро ҳужжатларини расмийлаштириш, электрон ахборот тизимлари орқали юборишда учраётган айрим тушунмовчиликларга ойдинлик киритилиб, амалиётда ягона ёндашувни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан суд қарорларининг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда адолатни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Семинар якунида судлар ва Мажбурий ижро бюроси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ижро жараёнида учраётган камчиликларни қонун доирасида бартараф этиш ҳамда суд қарорлари ижроси самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.