Судьялар кутган натижага эришилди







Мамлакатимизда оила манфаати ва унинг ҳимояси энг долзарб масалалардан бирига айланган. Шу сабабдан оила институтини мустаҳкамлаш назарда тутилган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниб, йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилмоқда.
Оила – муқаддас даргоҳлиги боис, бу мезон никоҳнинг ҳам азиз тушунча эканини кўрсатади. Никоҳдан ажрашишларнинг олдини олиш эса бугун жамият ва Давлат олдидаги энг муҳим вазифага айланган.
Биргина никоҳдан ажратиш ҳақидаги низолар ўзи билан бошқа тоифадаги кўплаб низоларни ҳам юзага келтиради. Шунинг билан бирга, оиладаги носоғлом вазият жиноятчиликнинг ошишига ҳам олиб келаётганлигини кўриш мумкин.
Мазкур тоифадаги низоларнинг олдини олиш, фуқароларга қонуний тушунтириш бериш ва оилаларни яраштириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди ҳамда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда туманлараро суд раиси А.Рахимов, судьялар У.Бердиев ва Р.Сопоевлар, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи С.Жуманиёзова, маҳалла фаоллари, низоли оилалар вакиллари иштирок этишди.
Маърузаларда туманлараро суди томонидан 2025 йил давомида судда кўрилган 751 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлардан 437 таси қаноатлантирилган бўлса, 245 таси бўйича оилани никоҳдан ажратиш учун етарли асослар бўлмаганлиги, келгусида тарафларни оилани тиклаш чораларини кўриш имконияти мавжудлиги сабабли даъво аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилганига тўхталинди.
Тадбир якунида айрим оилалар яраштирилди ва ушбу оилаларда вояга етмаган болалар етим бўлиб қолишининг олди олинди. Судьялар кутган натижа ҳам аслида шу эди.






