Судларда «Китоб бурчаги» ташкил этилди






Хоразм вилоят суди томонидан судья ва суд ходимларининг нафақат касбий маҳорати, балки уларнинг маънавий оламини бойитиб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда вилоятдаги барча суд биноларида ходимлар учун махсус «Китоб бурчаги» ташкил этилди.
Мазкур лойиҳа давлатимиз томонидан илгари сурилаётган китобхонлик маданиятини юксалтириш ташаббусининг амалий ифодаси бўлиб, иш жараёнида ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва улар учун маданий ҳордиқ муҳитини яратишга хизмат қилади.
Мунтазам мутолаа хотира ва диққатни жамлашни яхшилайди, мулоқот самарадорлигини оширади, бу эса мураккаб ишчи вазифаларни бажаришда муҳим рол ўйнайди.
Янги ташкил этилган китоб жавонидан жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара намуналари, шахсий ривожланишга оид бестселлерлар ҳамда соҳавий мутахассисликка оид адабиётлар жой олган.
Эътиборли жиҳати, мазкур бурчак «Bookcrossing» (китоб алмашинуви) тизимида ишлайди — ходимлар ўзлари ўқиган қизиқарли китобларни жамоа билан баҳам кўришлари мумкин.






