Судда очиқ эшиклар куни

Суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолини судлар фаолияти, соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар билан яқиндан таништириш мақсадида вилоят судларида мунтазам равишда «Очиқ эшиклар куни» тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилди.

Навбатдаги ана шундай тадбир фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судида ташкил этилди. Унда ўқувчилар, ОАВ вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.

Тадбир судья ва қатнашчилар мулоқотидан бошланди. Унда маърузачилар судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда судларда кўрилиш сони ошган низолар таҳлили ҳақида гапиришди.

Мулоқотларда суд тизимидаги ислоҳотлар, тизимда коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталинди. Жумладан, «Ўзбекистон-2030» стратегияси ва Президентимизнинг 140-сонли фармонига асосан суд тизимини рақамлаштириш бўйича маълумотлар берилди.

Шундан сўнг иштирокчилар туман суди биносида судга ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар, прокурор хонаси, адвокатлар хонаси, суд архиви ва китобхонликни тарғиб қилиш масадида ташкил этилган «Китоб бурчаги» билан танишдилар.

“Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида ҳамда вилоят суди раҳбариятининг қабулида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.