СИЗ ҚОНУН ҲИМОЯСИДАСИЗ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига асосан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Мамлакатимизда Конституция ва қонунлар устунлиги сўзсиз тан олинар экан, ҳар бир шахснинг шу жумладан, вояга етмаганлар, васийлик ва ҳомийлик остидаги ҳамда имконияти чекланганларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатлари суд даражасида кафолатланади. Ҳуқуқ лаёқатига эга ҳар бир фуқаро, гарчи у муомала лаёқатига эга ёки эга эмаслигидан қатъи назар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини бошқа шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлигидан ҳимоя қилиш, бузилган ўз ҳуқуқларини суд орқали тиклаш ҳуқуқига эгадир. Муомала лаёқатидан фарқли равишда, фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди. Ушбу жараёнда эса, айнан вакиллик институти Конституциямизнинг 44, 116-моддаларида мустаҳкамланган суд орқали ҳимояланиш ва малакали юридик ёрдам олиш каби конституциявий ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Судларда вакил сифатида қатнаша оладиган шахслар доираси, вакилнинг ваколатлари ҳамда ваколатларини расмийлаштириш каби процессуал ҳаракатларнингўзига хос ҳусусиятлари процессуал қонун нормалари билан тартибга солинади.
Фуқаролик процессул ҳуқуқида судларда вакилликнинг қонуний (мажбурий) вакиллик ва шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик каби турлари мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 65-моддасига асосан, фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ёки ўз вакиллари орқали юритиши мумкин. Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Бироқ, вояга етмаганлар, васийлик ва ҳомийлик остидаги ҳамда имконияти чекланган шахслар муомалага лаёқатсиз бўлганликлари сабабли, суд ишларини судда шахсан ўзлари юрита олмайдилар. Шу сабабли, уларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда қонуний вакиллари ҳимоя қилади. Қонуний вакилликнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шундаки, қонуний вакиллик келиб чиқиши учун ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинаётган шахснинг розилиги талаб этилмайди.
Қуйидаги шахслар қонуний вакил сифатида қатнашиши мумкин, яъни:
— ота-оналар;
— фарзандликка олганлар;
— васийлар;
— ҳомийлар.
Қонуний вакиллар вояга етган ва муомалага лаёқатли бўлишлари керак. Шунингдек, қонуний вакилларнинг ишга киришиши учун боланинг тегишли ота-онадан пайдо бўлганлиги, болаликка олинганлик фактларини тасдиқловчи ҳужжатларни шунингдек, васий ёки ҳомийни, мерос мулкини асровчини тайинлаш тўғрисида қарорларни тақдим этиши лозим.
Қонуний вакиллар, шартнома бўйича вакиллардан фарқли равишда, ФПК 54-моддасида кўрсатилган барча процессуал ҳаракатларни махсус ваколат олмаган ҳолда мустақил содир этишга ҳақлидирлар.
Фуқаролик процессуал кодексининг 66-моддасига мувофиқ, ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, муомалага лаёқатсиз ёки бедарак йўқолган деб топилган шахснинг қонуний вакили вакиллик қилинаётган шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига тааллуқли ишлар кўриб чиқилаётганда унинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни амалга оширади.
Бироқ, фуқаролик процессуал қонунчиликда қонуний вакилнинг процессуал ҳаракатларни чекланган ҳуқуқлар доирасида амалга ошириши ҳам назарда тутилган. Жумладан, ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахснинг қонуний вакили ишлар кўриб чиқилаётганда шу шахснинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни чекланган ҳуқуқлар доирасида амалга оширади.
Умуман олганда, ҳар қандай демократик давлатда жамиятнинг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, уларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини эркин рўёбга чиқариши учун барча шароитлар яратилади. Шу сабабли, судларда вакиллик институтининг жорий этилиши вояга етмаганлар, васийлик ва ҳомийлик остидаги ҳамда имконияти чекланган шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, Конституция ва қонунларимизда белгиланган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларниамалга ошириш учун хизмат қилади.

Сирожиддин Салаев,
фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судья ёрдамчиси