Сайёр судлар инсонни тўғри хулоса қилишга ундайди







Хоразм вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда жиноятга жазо муқаррар эканлигини аҳолига тушунтириш мақсадида вилоят суди раиси томонидан тасдиқланган режага асосан жиноят ишлари бўйича судлар томонидан маҳалла, корхона ва ташкилотларда кенг қамровли сайёр судлар ўтказилмоқда.
Ана шундай сайёр суд жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди томонидан “Гулзор” маҳалласидаги маданият уйининг катта залида бўлди. Суд процесси учун катта бино танланиши бежизга эмас, судьялар бугунги криминоген вазиятни инобатга олиб, сайёр суддаги кузатувчи фуқаролар сонини кўпайтиришни мақсад қилган. Зеро, суд жараёнини, судланувчиларнинг пушаймонлигини, қўлига кишан солинишию, тайинланган жазони ижро этишга юборилишигача барча процессуал ҳаракатлар фуқароларнинг кўз ўнгида кўрсатилиши сайёр суднинг таъсирчанлигини оширади. Иштирокчиларни жиноят тушунчаси ва унинг салбий оқибатлари ҳақида хулоса қилишга ундайди.
Сайёр судда туман прокуратураси ва ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилиб, унда асосан профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар, ёшлар ҳамда маҳалла фаолларидан иборат 150 нафарга яқин иштирокчининг қатнашиши таъминланди.
Дастлаб, вилоят суди судьяси О.Маҳмудов қатнашчиларни 2025 йилда туманда содир этилган жиноятлар таҳлили, ёшлар орасида кўп учраётган ҳуқуқбузарликлар ва юртимизда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Жиноятчиликнинг ёшлар келажагига салбий оқибатлари аниқ мисоллар билан тушунтирилди.
Суд процесслари туман суди раиси Ф.Исмоилов ва тергов судьяси Б.Рузметовлар томонидан ўтказилди. Суд мажлисларида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган бир гуруҳ шахсларга оид ҳамда пробация гуруҳи тақдимномаларига асосан ишлар кўрилиб, уларга тегишли жазолар тайинланди. Барча процессуал ҳаракатларга гувоҳ бўлган иштирокчилар эса бу жараёндан ўзига тўғри хулоса чиқарди дейиш мумкин.






