Маҳаллада сайёр суд ўтказилди

Судлар томонидан маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлислари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман суди томонидан «Ёшлик» маҳалласида сайёр суд мажлиси ташкил этилди.

Тадбирда дастлаб туман судининг тергов судьяси Ш. Сейтирзаев томонидан оилавий зўравонлик ва бошқа тоифадаги маъмурий ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Айрим ишлар ярашув билан тугатилган бўлса, айрим ишларда ҳуқуқбузарларга тегишли жазо тайинланди.

Сайёр суд мажлисидан кейин туманда кўп содир этилаётган оилавий зўравонлик ҳолатлари маҳалла фаоллари билан муҳокама қилиниб, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, бугун долзарб ҳисобланган ёшларни гиёҳвандликдан асраш масалаларига ҳам тўхталинди.