Маъмурий судда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

Тадбиркорларни судлар фаолияти, соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар билан яқиндан таништириш мақсадида вилоят маъмурий суди ҳамда Урганч туманлараро маъмурий судида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда тадбиркорлар, юридик шахслар вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда иштирокчилар суд биносида ташкил этилган адвокатлар хонаси, прокурор хонаси, фуқароларни қабул қилиш жараёни, суд мажлислар зали ҳамда судга ташриф буюрувчилар учун яратилган бошқа шароитлар билан танишдилар. Уларга суднинг архиви ва девонхонаси фаолияти бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

Кейин эса судья ва қатнашчилар иштирокида мулоқот ташкил этилди. Унда маърузачилар маъмурий судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари ҳамда Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда имзоланган соҳага доир фармонлар ҳақида гапиришди. Судьялар томонидан суд тизимидаги ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли масалаларига ҳам алоҳида тўхталинди.

“Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.