Коррупциянинг олдини олиш юзасидан семинар

Бугун Республикамизда соҳалар кесимида коррупциянинг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилиб, бу муҳим масаланинг қонуний асослари такомиллаштирилмоқда.

Шу сабабли Хоразм вилоят судида судьялар ва суд ходимлари, вилоят прокуратураси, божхона бошқармаси вакиллари, тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳамда адвокатлар иштирокида “Коррупциянинг олдини олиш ва жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарни вилоят суди раиси Ш.Камолов очиб бериб, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар марказида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бинобарин, коррупцияга қарши изчил кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги ҳамда юртимизда илғор халқаро стандартларга асосланган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашиш тизимини жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига тўхталиб ўтди.

Мулоқотларда Республикамизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, айниқса давлат органларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда суд тизимида ҳам рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтиришга эришилди. Масалан, бугунги кунда судга даъво аризасини онлайн топшириш, суд ҳужжатларининг электрон нусхасини олиш каби хизматлар тўлиқ рақамлаштирилди. Олий суднинг my.sud.uz портали орқали миллионлаб фуқаролар ўз суд ишини кузатиш, апелляция бериш каби қулайликлардан фойдаланмоқда.

Шунингдек, семинар давомида Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий Кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган масалаларнинг мазмун-моҳияти барча иштирокчиларга яна бир бор тушунтирилди.

Якунда вилоятда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва бу иллатга қарши курашишга барча бирдек масъул эканлиги таъкидланди.