“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонун суд бошқарувчисига тўланадиган ҳақга таъсир қилади
Тўловга қобилиятсизлик — суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорнинг 3-банди “б” кичик банди учинчи хатбошисига ўзгартириш киритилди.
Унга кўра давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланади;
соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисида ариза берган солиқ органи томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади.
Киритилган мазкур ўзгартириш шуниси билан фарқланадики унга кўра, олдинги таҳрирдаги қарор билан суд бошқарувчиси томонидан ҳар бир тугатилган тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби бўйича қарздор турган жойдаги туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг қарорига асосан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан суд бошқарувчисига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7,03 баравари миқдорида ҳақ тўланган бўлса, эндиликда ушбу қарор билан киритилган ўзгартиришга кўра, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни, солиқ органи томонидан қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби бўйича иш қўзғатиш ҳақида ариза билан мурожаат қилинганда, суднинг депозит ҳисобварағига олдиндан тўлов амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни 26-моддасига кўра, суд бошқарувчисига вазифаларини бажарганлиги учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда кредиторларнинг йиғилиши томонидан белгиланади, суд томонидан тасдиқланади ҳамда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан тўланади.
Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади. Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади.
Агар суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилмаган бўлса, суд қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қайтаради.
Юқорида қайд қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунидан шуни хулоса қилиш мумкинки, агарда тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомиллари бўйича иш қўзғатиш тўғрисида ариза солиқ органи томонидан берилса, бунда солиқ органи суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида олдиндан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўловни амалга оширади.
Шунингдек, агарда солиқ органидан бошқа шахслар томонидан тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомили тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берилса, бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади.
Баҳодир Давлатов,
Боғот туманлараро иқтисодий суди раиси