ХОРАЗМ ВИЛОЯТ СУДИ ТОМОНИДАН УЧ АВЛДО УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ

Ҳар бир соҳанинг ўз устаси, етук мутахассислари бор. Ана шундай фидойи инсонларнинг йиллар давомидаги фаолияти ва тўплаган тажрибаси ёш касбдошлари учун ҳам ўрнак, ҳам намуна бўлиши лозим.

Хоразм вилоят суди ва вилоят маъмурий суди томонидан вилоят юридик техникумида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” фахрий судьялар ва ўрта авлод судьялари ҳамда ҳуқуқий йўналишда таҳсил олаётган ёшларни бир жойда бирлаштирди.

Тадбирда узоқ йиллар вилоятда судьялик лавозимларида ишлаган, бугун кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари ўз тажрибаси ҳамда амалиётида учраган зиддиятли вазиятларни ўқувчилар билан ўртоқлашишди. Устозлар томонидан касбнинг мақоми масъулият, ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидланди.

Мулоқотларда мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар, Судьялар олий мактаби фаолияти ва судьяликка номзодларни шакллантириш ҳақида сўз юритилди. 

– Суд тизими, судьялик лавозимининг масъулияти катта, у ерда адолатни таъминлайдиган, ҳақиқатни юзага чиқарадиган инсонларгагина жой бор. Сабаби, суд давлат номидан қарор қабул қилади шунинг учун судя чуқур билим ва малакага эга бўлиши керак. Сиз ёшлар ҳозирдан билим олишни биринчи ўринга қўйишингиз лозим, – деди “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Саломат Маматова.

Уч авлод учрашувида ёш судья ва ўқувчиларга соҳанинг ана шундай устозлар амалиётидан ўрин олган ўгитлар тушунтирилди.

Тадбир якунида ўқувчилар Судьялар олий кенгаши томонидан нашр эттирилган «Судья маънавияти, одоби ва масъулияти»  ва “Уч машхур ўзбек аёли” китоблари билан таништирилди ҳамда китобнинг бир нусҳаси энг фаол ўқувчига совға қилинди.

Бунёдбек Ҳусинов, Хоразм вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти