2024 йил 9 июнь куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан фуқаро Н.Курбонов (исми шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, қонуний ечим қабул қилинди.
Бугун мамлакатимиз таррақиёти янги-янги чўққиларни забт этмоқда. Лекин келажагимизга таҳдид солувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.
Жамиятимиз гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муамола қилиш жинояти билан кўрашаётган бир пайтда, орамизда бу каби қилмишларни содир этаётган шахсларнинг хамон учраётганлиги ачинарли ҳолат.
Бироқ ҳар кандай жиноий қилмишга жавобгарлик белгиланган.
2024 йил 05март куни жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан Н.Курбоновга (исми-шарифлар узгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, ҳукм ўқилди.
Н.Курбонов2023 йил 6 сентябрь куни соат 12-50 ларда Урганч шаҳридаги “Bowling” биноси олдида тезкор тадбирга жалб қилинган Ж.Бга 2 дона қоғоз парчасига ўралган соф оғирлиги 0,12 грамм бўлган кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 600.000 сўмга сотиб ўтказган.
Суд томонидан Н.Курбоновга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд ҳукмига судланувчи ва унинг ҳимоячиси томонидан келтирилган шикоятига асосан, иш Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан 2024 йил 9 июнь куни кўрилиб, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
З.Якубов Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли. Хўш, маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби қандай?
Маъмурий судга маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқли ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, маъмурий органлар деганда, Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган республика давлат бошқаруви органлари (вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар) ва уларнинг ҳудудий органлари, маҳаллий давлат ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, маъмурий-бошқарув ваколати берилган бошқа органлар, ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади.
Жумладан, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, Мажбурий ижро бюроси, нотариуслар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган маъмурий ҳужжатлар, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга шикоят қилиниши мумкин.
Маъмурий ҳужжат маъмурий ваколатга эга орган (мансабдор шахс) томонидан қабул қилиниши, ташқи субъектларга (жисмоний ва юридик шахсларга) қаратилган бўлиши, муайян ҳуқуқий оқибат келтириб чиқариши билан умуммажбурий хусусиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқ қилади.
Иккала тоифадаги ҳужжатнинг асосий фарқи шундаки, умуммажбурий хусусиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устидан маъмурий судга шикоят қилиш мумкин эмас, бундан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мустасно. Умумий қоида бўйича маъмурий органнинг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан олти ой ичида судга берилиши мумкин.
Аризачига ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилганлиги ёки ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга тўсиқлар вужудга келтирилганлиги, аризачининг зиммасига бирор-бир мажбурият юкланганлиги маълум бўлган куннинг эртасидан судга мурожаат қилиш муддати бошланади. Шикоят маъмурий ҳужжатни ҳақиқий эмас, ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни қонунга хилоф, деб топиш тўғрисида бўлиб, маъмурий орган жойлашган ёхуд мансабдор шахс ишлайдиган жойдаги туманлараро маъмурий судга берилади.
Маъмурий судларга шикоят қилишда жисмоний шахслардан давлат божи ундирилмайди. Давлат божи ишнинг натижаси бўйича қаноатлантирилган талабга мутаносиб равишда тарафлардан ундирилади.Аризани қаноатлантириш рад этилган ҳолларда, жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Янгибозор туманида яшовчи,гарчи ёшлари бир-бирига мос бўлмасада, жиноят қилиш ниятлари бир-бирига тўғри келган Жасур ва Санжар (исмлари ўзгартирилган), туманнинг Бўстон маҳалласи ҳудудида чорва фермер хўжалиги ташкил қилиб, яхши ниятлар билан чорвачилик қилаётган Хамдам ака (исми ўзгартирилган)нинг оғилхонасига 2024 йилнинг 31 январь кунига ўтар кечаси хеч ким йўқлигини билиб, шу ердаги қорамоллардан бирини ўғирлаш учун борадилар, чунки “шоввоз”лар шу пайтга қадар оғилхонани бир неча кун давомида зимдан кузатиб, Хамадам акани молларни ем-хашагини бериб уйига кетишини, атроф тинчишини ва бошқа ўзларига кераклиги маълумотларни обдон йиғиб ҳаракат қилганларда.
Ўғирликка борган Жасур ва Санжар атрофни тинчлигидан, оғилхона ён атрофида ва яқин орада хеч ким йўқлигидан жуда хурсанд бўлишади ва ниятлари осон амалга ошишини ўйлаб бир-бирига қараб “овлари” бароридан келаётганлигини имо-ишоралар билан тасдиқлаб қўйишади.
Шу тариқа иккала “шоввоз” оғилхона ичкарисига кириб қормаолларни 30-40 талигини кўриб, қайси бирини ўғирлаб кетишни ўйлашиб, она-бола қорамоларни олиб кетиш ўзларига қулай эканлигини бир-бирига тушунтириб олдиндан тузилган режаларини янада “мустаҳкамлайдилар”.
Жасур жиноий шериги Санжарга қараб телефон аппаратини атрофни ёруғ қилувчи тугмасини босишини айтади, Санжар ҳам ўзини жиноий шериги Жасурнинг маслаҳатига “лаббай” деб жавоб бериб, қўлидаги телефон аппаратини атрофни ёруғ қилувчи тугмасини босиб оғилхонага ёруғлик тарқатади, шундан кейин Жасур оғилхонанинг бир четида ётган бузоқни ёнига бориб ўрнидан турғизади, бузоқ эса ўрнидан туриб ёруғлик кўмагида ўзини онаси ҳисобланган, сал нарироқда ётган сигирнинг ёнига боради, бу ҳолатда иккала “шоввоз” жуда хурсанд бўлиб тезда сигирни қозиғидан ипини ечиб ташқарига тортқилайди, табиийки онасини ҳаракатини кўрган бузоқ ҳам ташқарига онасини ортидан эргашиб чиқади.
Шундан кейин йигитлар она-бола қормамолларни Шовот туманида “Пир бозор” номи билан машҳур бўлган мол бозорга олиб бориб ҳудди ўзларига тегишли қорамолларни сотаётганликларини, пулга зарур бўлганликларини айтиб, харидорларни ишонтириб ўзларига номълум бўлган бир шахсга бузоқни 3.5 млн. сўмга сигирни эса кейинчалик шахси маълум бўлган Даврон ака (исми ўзгартирилган)га 4.5 млн. сўмга сотиб пуллайдилар.
Халол меҳнат орқали боқилган қора-моллар эгаси Хамадам ака шу куни ўрнидан худди бир нарсани сезганидек эрталаб туриб оғилхонага боради ва у ердан она-бола қорамолларни турган жойида йўқлигини билиб, ён атрофдаги излардан уларни номаълум шахслар ўғирлаб кетганлигнини пайқайди.
Шундан кейин Хадам ака тезлик билан қарор қабул қилиб холат хақида хеч кимга гапирмасдан тўғри Шовот туманида “Пир бозор” номи билан машҳур бўлган мол бозорга бориб қорамолларини ахтариб бошлайди.
Хайриятки меҳнати халол бўлиб Жасур ва Санжар томонидан ўғирланиб, Даврон акага 4.5 млн. сўмга сотиб кетилган сигирни бозорда Даврон акани қўлида сотиш учун ушлаб турилганлигини кўради ва тезда Даврон ака ёнига бориб у ушлаб турган сигир ўзига тегишли эканлигини, тунда номаълум шахслар ўғирланган ва бозорга олиб келган бўлиши мумкинлигини сўраб суриштиради, Даврон ака ҳам инсофли ва диёнатли инсон бўлиб, Хамадм акани куюниб турганлигини кўриб унга барча ҳолатларни айтиб, иккала “шоввоз” Жасур ва Санжарларни юз тузилиши ва алоҳида белгилари тўғрисида маълумот беради.
Шундан кейин ҳолат бўйича Янгибозор туман ИИБ ходимларига хабар берилиб тезкор суриштирув ишлари бошланади, натижада Жасур ва Санжарларни шахсига аниқлик киритилади, харидор Даврон акадан бир бош сигир ҳужжатлаштириб олинади, Жасур ва Санжар томонидан номаълум шахсга сотиб юборилган бузоқнинг 3.5 млн. сўми улардан далилий ашё сифатида олиб қўйилади.
Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди томонидан суд муҳокамаси ўтказилган юқоридаги ҳолат бўйича судланувчилар ўз айбларига иқрор бўлиб, уларни содир қилган жинояти иш бўйича мақбул далиллар билан ўз тасдиғини топди, жабрланувчига етказилган зарарлар тўлиқ қоплаб берилиб, судланувчиларга жазо муқаррарлиги таъминланди.
Бугунги кунда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифалар ётади.
Ҳоирда жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган.
Бу ўз ўрнида, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда фаолият юритаётган бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юкламоқда ва бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга сабаб бўлаётган эди. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 10 июнь куни қабул қилган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиради. Ушбу фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан тўлдиришини таъминлаш юклатилди.
2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқади.
Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда. Бу билан жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлар судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблигини тўлиқ таъминлашга эришилади.
Судьялар томонидан жиноят ишларини кўриш давомида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан тўла ва холисона текшириб чиқилиши, судланувчиларнинг барча важлари текширилиши ва тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни тўлиқ кўриб чиқилиши учун замин яратади.
Фармонга мувофиқ, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Бунда тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиши, тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари томонидан амалга оширилиши ҳамда қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинч-тотувлигини таъминлаш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Қабул қилинган мазкур фармонга асосан янги киритилаётган ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтирилишига ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишларида кенг имкониятлар яратади.
Ойбек Маҳмудов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум.
Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.
Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди(2017 йил 3 январь, ЎРҚ-419-сон).
Ушбу қонун меъёрларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида ҳар йили бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб келмоқда.
Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди.
Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди ва ушбу дастурда амалга ошириладиган чора тадбирлар, уларнинг амалга ошириш механизми ва масъул ижрочилар белгилаб берилди.
Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Қачонки, барча фуқароларимиз, жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.
Фармоннинг туб моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак,муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш белгилаб қўйилганини кўришимиз мумкин.
Биринчидан, фармонда 2023 йил 1 декабрдан бошлаб Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тўлдирилди.
Иккинчидан, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси (ёпиқ илмий ишлар бундан мустасно), ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг, (шу жумладан, «Темурбеклар мактаблари» ҳарбий-академик лицейларининг) тест синовлари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари, олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловларининг қуйидаги босқичлари, умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш, чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш жараёнларни интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиш тартибини жорий этилди.
Бундан ташқари, фармонда ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилиши ва ушбу жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун Агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб бориш белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Адолат устувор бўлган мамлакатда эса тараққиёт, халқ фаровонлиги, ислоҳотлар самараси таъминланади.
М.Бобоназаров Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, стратегияни ишлаб чиқишда янги таҳрирдаги Конституциямиз асос вазифасини бажарди. Айнан янги таҳрирдаги Конституцияда давлат органлари фаолиятининг асосий мезони бу – инсон ҳуқуқлари, инсон эркинликлари экани кўрсатилган.
Эътиборли жиҳати, эндиликда давлат бошқаруви рақамли ҳукумат тизимига босқичма-босқич ўтилмоқда. Бевосита бу система қуйидан бошлаб юқорига қараб амалга оширилади. Қуйи деганим, маҳаллаларда электрон давлат нуқталарини шакллантириб бориш назарда тутилмоқда. Чунки маҳалла фуқаролар учун энг яқин нуқта ва бу ерда ўша айтилаётган хизматлар амалга оширилади. Биламизки, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳокимлар Халқ депутатлари Кенгашига раислик қилмаслиги ҳақида алоҳида норма белгиланди ва мана шу норманинг амалдаги ижросини таъминлаш учун ҳам мазкур стратегияда аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги яна бир асосий мавзулардан бири бу суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ. Суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотларини бевосита 3 та йўналишга бўлиш мумкин.
Биринчиси, суд-ҳуқуқ системасини рақамлаштириш йўналиши. Бу ерда биринчи навбатда фуқаролар судларга мурожаат қилган пайтда ҳар бир босқичнинг рақамлаштирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш ва фуқаролар суд билан тезкор боғланишини таъминлаш учун ҳам бу йўналиш муҳим ҳисобланади. Масалан, фуқарога жиноий иш қўзғатилган пайтда судлардаги жараённи кузатишга ва мавжуд вазият билан танишишга эҳтиёж бор эди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, суд жараёнини тўлиқ электронлаштириш ва вазиятни доимий кузатиб туриш тизими шаклланади.
Иккинчи йўналиш сифатида коррупциянинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни 2030 йилга қадар бутун қонунчилик коррупциядан ҳоли бўлади. Бу ҳам давлат олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Дейлик, давлат харидлари билан боғлиқ соҳаларда ёки манфаатлар тўқнашуви муносабатларида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва бу соҳани ҳам рақамлаштириш асосий мақсад сифатида қаралмоқда.
Учинчи йўналиш сифатида Конституцияда белгиланган актлар, “Миранда қоидаси” каби нормаларни амалдаги қонунчиликка сингдиришни ҳам стратегиянинг асосий мақсадларидан бири сифатида қарашимиз мумкин. Умуман олганда, бу йўналишлардан асосий мақсад, судларни, умуман, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халққа янада яқинлаштириш, халқ билан ўзаро узвий боғлиқликни шакллантириш ҳисобланади.
– Аслида бу жараённи табиий қабул қилиш керак. Сабаби ҳар қандай ривожланган мамлакатларда ҳам бу нормал ҳолат сифатида қаралади. Дунё сиёсий тажрибаларидан қарасак, кўпгина давлатларда қонун ҳужжатларини билмаслик, ҳуқуқий онг ривожланмаганлик ҳолатлари учраб туради. Президентимиз ҳам кўпгина чиқишларида кўпроқ бу юк давлат органларида бўлиши керак деб таъкидлаб келади. Сабаби давлат органлари очиқ ва шаффоф бўлса ижтимоий норозиликлар камаяди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам инсон ҳуқуқлари асосий ўринда эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Масалан, “Снос” муаммоси фуқароларимизни анча оворагарчиликларга сабабчи қилган эди. Эътиборли жиҳати, мана шу нарса Конституция даражасигача олиб чиқилди. Эндиликда уй-жойи суд қарорисиз олиб қўйилмаслигини фуқароларимиз тушуниб етмоқда.
Ҳуқуқий онгни ривожлантиришда биринчи навбатда давлат органларидан фаоллик талаб этилади, ва, ўз навбатида, фуқаролар ҳам маълум масалада ҳуқуқий муносабатга киришганда ички ҳиссиётга берилмаслиги керак деб ўйлайман. Чунки ҳуқуқий муносабатларда ҳиссиётларга ўрин йўқ. Бу жараёнда уларнинг қонунчилик доирасида муносабатга киришгани мақсадга мувофиқ. Мавжуд қонунчиликлардан хабари бор одам, албатта, ўз ҳуқуқининг таъминланишига эришади.
Х.Раҳимов Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти ҳамда вилоят суди раҳбарияти томонидан 21 июнь куни Хоразм вилояти бўйича Хонқа туманида соат 10:00дан соат 13:00гача сайёр қабул ўтказилади.