Урганч шаҳрида халқаро семинар ўтказилди

Урганч шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси(UNODC) ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамкорлигида “Одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари. Одам савдоси бўйича ишларни кўриб чиқиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Унда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари иштирок этишди.

Тренингда соҳанинг кучли мутахассислари юридик фанлари доктори, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Марказий Осиёда одам савдоси ва муҳожирларни ноқонуний ташишга қарши курашиш бўйича минтақавий маслаҳатчиси Reda Sirgediene ҳамда Тошкент шаҳар суди судьялари Фаррух Тўрахўжаев ва Зоир Камоловлар бошчилигида ўқув машғулотлари олиб борилди.

Семинар муҳокамаларида одам савдосининг ҳуқуқий асослари ҳамда унинг турли шакллари, далилларни баҳолаш ва жабрланганларни қўллаб-қувватлаш масалалари ўрганилди. Бундан ташқари, иштирокчилар халқаро конвенция ва шартномалар, жумладан, БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини тўлдирувчи ва глобал даражада одам савдосига қарши курашиш бўйича саъйи-ҳаракатларни йўлга қўювчи “Одам савдосининг олдини олиш, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш ва жазолаш тўғрисидаги Баённомаси” билан танишдилар.

Мулоқотларда Ўзбекистондаги миллий қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларга батафсил тўхталиниб, одам савдосидан жабрланувчиларга алоҳида йўналтирилган ёндашув муҳимлиги, реабилитация масалаларига ҳам эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Хива туман судида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди

Фуқароларни судлар фаолияти билан яқиндан таништириш ва жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ҳақида маълумот бериш мақсадида жиноят ишлари бўйича Хива туман судида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Унда Тошкент давлат юридик университети ҳамда вилоят юридик техникумида таълим олаётган ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда ёшлар ва медиа вакиллари туман суди биносида ташкил этилган адвокатлар хонаси, прокурор хонаси, фуқароларни қабул қилиш жараёни, суд мажлислар зали ҳамда судга ташриф буюрувчилар учун яратилган бошқа шароитлар билан танишдилар. Суднинг архиви ва девонхонаси фаолияти бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

Кейин эса судьялар ва қатнашчилар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда маърузачилар судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, жиноий ва маъмурий ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда туман судида жорий йилнинг биринчи чорагида кўрилган ишлар таҳлили ҳақида гапиришди.

Мулоқотларда вилоят суди раиси ўринбосари томонидан суд тизимидаги ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли масалаларига ҳам алоҳида тўхталинди. Жумладан, судьялар томонидан 2023−2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бўйича тўлиқ тушунтиришлар берилди.

Тадбир иштирокчилари очиқ суд мажлисига ҳам бевосита гувоҳ бўлишди. Суд жараёни, судланувчиларнинг пушаймонлигини, тайинланган жазони ижро этишгача бўлган барча процессуал ҳаракатлар фуқароларнинг кўз ўнгида кўрсатилди.

Шунингдек, “Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.

Айниқса, ёшларнинг суд кутубхонасидан жой олган юридик адабиётлар ва соҳага доир бошқа бадиий асарларга қизиқиши катта бўлди. Бу каби тадбирлар бўлажак ҳуқуқшунослар учун назарий билимларини амалиёт орқали янада мустаҳкамлаш, соҳа мутахассислари билан яқинда фикр алмашиш имкониятини яратгани билан фойдали бўлди дейиш мумкин.

Перейти к содержимому