Конституциядан

Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддаси)

Конституциядан

Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддаси)

РАСМИЙ АХБОРОТ

Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди 1983 йилда Урганч туманида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, оиласидан ажрашган, 2 нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ шифохонаси реанимация бўлими ҳамшираси бўлиб ишлаган Г.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси1-қисми билан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда аниқланишича Г.А. алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, 2023 йил апрель ойининг бошларида фуқаро И.О.ни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Урганч шаҳридаги шифохонасида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳамширалик вазифасига ишга жойлаштириб қўйишини, бунинг учун юқори лавозимда ишловчи танишига 2500 АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб алдаб, уни пора беришга қизиқтириб, пора бериш жиноятини содир қилишга далолат қилиб, 2023 йил 20 апрель куни соат 12:30 ларда Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ шифохонасида И.О.дан 1500 АҚШ доллари ва 5.500.000 сўм пулларни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Судланувчи Г.А. судда айбига тўла иқрорлик билдириб, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув ихтиёрий равишда тузилганини, ўз ҳаракати моҳиятини, унинг шартларини тушунганини, келишувни қўллаб-қувватлашини, қилмишидан пушаймонлигини, енгиллик қилишни сўраб кўрсатув берган.

Суд Г.А.нинг айбига тўлиқ иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий аҳволини, ягона боқувчилигини ва 2 нафар фарзанди борлигини, иш бўйича зарарлар мавжуд эмаслигини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб ҳукм қилди.

Суд ҳукмига кўра Г.А.га оид жиноят иши бўйича айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув тасдиқланди. Г.А. ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унага ЖКнинг 59-моддаси тартибида ўташ учун узил-кесил 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

Перейти к содержимому