Гап нимада ўзи?
“Ҳуқуқ ва истеъмолчи” газетасида (№07-сон, 2022 йил) чоп этилган мақоланинг ўта қўпол сарлавҳасини (“Сурнай чалган судьялар”) айтмаса, гап нима ҳақда эканини ўқувчи тушуниши қийин. Шунинг ўзи мақола бир томонлама, иш бўйича ҳужжатлар холис ўрганилмаган ҳолда ёзилганини кўрсатиб турибди. Шунга қарамай муаллиф Хоразм вилоят маъмурий суди судьялари гўёки “битта пуф”билан қуйи суд қарорини бекор қилишаётганини иддао қиларкан, буни худдики сурнайни битта пуфлашига ўхшатиб, гапни шу қиёс атрофида айлантираверади, айлантираверади…
Гап нимада ўзи?
Гап шундаки, Урганч туман маъмурий судининг 2019 йил
6 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра, аризачи Эшчанов Қахрамон(ҳозирги кунда “HUQUQ va iste’molchi” газетасининг махсус мухбири)ва бошқаларнинг жавобгар собиқ Урганч туман «Оқ олтин» ширкат хўжалиги аъзолари вакиллар йиғилишининг 2000 йил 27 июлдаги 3-сонли қарори 12-бандини, Урганч туман ҳокимининг 2001 йил 17 сентябрдаги 699-сонли қарорининг Жуманиёзова Умидага тегишли қисмини, 2013йил 28 июндаги 909қ-сонли қарорини, 2019 йил 26 февралдаги 1518қ-сонли қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган.
Мазкур иш У.Жуманиёзованинг шикояти асосида Хоразм вилоят маъмурий судида кассация тартибида кўрилиб (2020 йил, 10 январь), туман судининг ҳал қилув қарори бекор қилинади ҳамда К.Эшчанов ва бошқаларнинг аризасини қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинади.
Ушбу иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида (2021 йил, 4 июнь) куни кассация тартибида кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг (2020 йил, 10 январь)қарори ўзгаришсиз қолдирилади.
Кўряпсизки, журналистга ёқмаган ва унинг наздида қуйи суд қарорини битта “пуф” билан бекор қилиш тўғрисидаги вилоят суди судлов ҳайъатининг ажрими Олий судда ўзгаришсиз қолдирилган (яъни, қонуний деб топилган). Бундай ҳолатда ортиқча баҳс-мунозарага ҳожат йўқ аслида. Чунки, суд қарорлари қонунийлигига фақат юқори суд инстанцияси ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга. Ўзбекистон Республикаси Олий суди эса суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.
Бугунги шиддатли замонда оммавий ахборот воситалари алоҳида ўринга эга эканлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Жамиятимиз тобора очиқлик ва шаффофликка юз тутар экан, бу жараённи ҳам журналист ва блогерларсиз тасаввур қилиб бўлмайди ҳатто.
Шундай экан, суддан адолат ва холислик талаб қилган журналист (ёки блогер)нинг ўзи ҳам шу мезонларга риоя этиши керак.
Масала моҳиятини чуқур англамай ёки суд инстанциялари ҳақида тузукроқ тасаввурга эга бўлмай суд ишлари ҳақида бироз ҳиссиёт ва яхшигина истеҳзо билан оммавий ахборот воситасида бонг уришни асло холислик деб бўлмайди.
Хоразм вилоят суди судьялари
малака ҳайъати