Криминоген ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди








Урганч туманида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш масалаларига бағишланган кенг қамровли йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят суди раиси ўринбосари Т. Мирзаев, жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси И. Усмонов, туман ҳокими Г. Султанов, прокуратура ва ИИБ раҳбарияти ҳамда тумандаги ташкилотлар вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этди.
Йиғилиш давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда криминоген ҳудудларда олиб борилаётган ишлар самарадорлиги, жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқс, бугун жамиятда долзарб ҳисобланган гиёҳвандлик, ёшларнинг бу иллат домига тушиб қолиши ва жазонинг муқаррарлигига алоҳида тўхталинди.
Шунингдек, суд қарорлари ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш, фуқаролар томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққан вилоят суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Т. Мирзаев давлат заҳирасидаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилишлар қилиш ҳолатлари қонунбузилиш ҳисобланишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бундай ҳолатлар нафақат қонун талабларига зид, балки ҳудудларнинг режали ривожланишига, инфратузилма тизимига ҳамда аҳоли манфаатларига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис фуқаролар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, ердан қонун доирасида ва оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш якунида жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда маҳаллалар ва тегишли идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.






