Судья ва ёшлар учрашуви

Бугун Олий суд раисининг биринчи ўринбосари И. Муслимов ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи М. Мухитдинов Урганч давлат университетининг бўлажак ҳуқуқшунос талабалари билан учрашди.

Мулоқот Олий суд ва Урганч давлат университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган меморандум ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тарғиботига алоҳида эътибор қаратилган учрашувда нафақат истиқболли режалар, балки Олий суд ва Урганч давлат университети ўртасидаги амалий ҳамкорлик натижасида эришилган ютуқлар ҳам алоҳида эътироф этилди.

Таъкидланганидек, суд аппарати ходимларининг жамиятда ижтимоий мавқеини ва обрў-эътиборини ошириш ҳамда судларда энг муносиб ва юқори малакали кадрлар корпусини шакллантириш тизимни тубдан ислоҳ қилиш йўлидаги энг асосий вазифалардан биридир.

Бундай мақсадларга эришиш учун кадрлар билан ишлаш ҳамда уларнинг билими, малакаси ва иш сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, судларда ишчанлик муҳитини яратиш билан бир қаторда ходимларнинг дунёқараши, маънавияти, касбий одоб-ахлоқи ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада Олий суд ҳузурида ташкил этилган “Бўлажак суд ходимлари” клубига университет талабаларини фаол жалб қилиш учун тегишли ҳуқуқий замин яратилган. Пировардида талабалар ҳеч қандай тўсиқларсиз клубга аъзо бўлиб, дарсдан бўш вақтларида судларда танишув амалиётини ўташлари ҳамда бўлажак касблари бўйича иш ўрганишлари учун имконият юзага келди. Ушбу талабалар белгиланган тартибда судларга бириктирилади ҳамда амалиёт ўташлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилади.

Эътиборлиси шундаки, Олий суд раҳбарияти томонидан айни кездаёқ суд тизимида ишлаш истагини билдирган интилувчан ва изланувчан талабаларга қонунчиликка кўра меҳнат қилиш, иш ўрганиш ва тажриба орттириш учун барча имкониятлар яратиб берилиши таъминланади.

Тадбирда иштирок этган талабалар суд тизимидаги бўш иш ўринлари, ходимлар учун яратилган шароитлар, ижтимоий кафолатлар, ишга қабул қилиш тартиби ҳамда номзодларга қўйиладиган талаблар ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдилар.