Судда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди
Фуқароларни судлар фаолияти билан яқиндан таништириш ва жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ҳақида маълумот бериш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Унда туманда истиқомат қилувчи фуқаролар, жамоатчилик фаоллари, вилоят юридик техникумида таълим олаётган ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда иштирокчилар туманлараро суди биносида ташкил этилган адвокатлар хонаси, прокурор хонаси, фуқароларни қабул қилиш жараёни, суд мажлислар зали ҳамда судга ташриф буюрувчилар учун яратилган бошқа шароитлар билан танишдилар. Суднинг архиви ва девонхонаси фаолияти бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.
Кейин эса судьялар ва қатнашчилар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда маърузачилар судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, фуқаролик ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда туманлараро судида кўрилган ишлар таҳлили ҳақида гапиришди.
Мулоқотларда судьялар томонидан суд тизимидаги ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли масалаларига ҳам алоҳида тўхталинди. Жумладан, судьялар томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва унга мувофиқ жорий этилаётган тергов судьяси лавозими каби янгиликлар бўйича маълумотлар берилди.
Шунингдек, “Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида ҳамда вилоят суди раҳбариятининг қабулида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.
Айниқса, бу каби тадбирлар бўлажак ҳуқуқшунослар учун назарий билимларини амалиёт орқали янада мустаҳкамлаш, соҳа мутахассислари билан яқинда фикр алмашиш имкониятини яратгани билан фойдали бўлди дейиш мумкин.