Урганч шаҳрида халқаро семинар ўтказилди

Урганч шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси(UNODC) ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамкорлигида “Одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари. Одам савдоси бўйича ишларни кўриб чиқиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Унда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари иштирок этишди.

Тренингда соҳанинг кучли мутахассислари юридик фанлари доктори, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Марказий Осиёда одам савдоси ва муҳожирларни ноқонуний ташишга қарши курашиш бўйича минтақавий маслаҳатчиси Reda Sirgediene ҳамда Тошкент шаҳар суди судьялари Фаррух Тўрахўжаев ва Зоир Камоловлар бошчилигида ўқув машғулотлари олиб борилди.

Семинар муҳокамаларида одам савдосининг ҳуқуқий асослари ҳамда унинг турли шакллари, далилларни баҳолаш ва жабрланганларни қўллаб-қувватлаш масалалари ўрганилди. Бундан ташқари, иштирокчилар халқаро конвенция ва шартномалар, жумладан, БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини тўлдирувчи ва глобал даражада одам савдосига қарши курашиш бўйича саъйи-ҳаракатларни йўлга қўювчи “Одам савдосининг олдини олиш, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш ва жазолаш тўғрисидаги Баённомаси” билан танишдилар.

Мулоқотларда Ўзбекистондаги миллий қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларга батафсил тўхталиниб, одам савдосидан жабрланувчиларга алоҳида йўналтирилган ёндашув муҳимлиги, реабилитация масалаларига ҳам эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.