Судловга тааллуқлилик
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар ва уларнинг ижобий натижаларига тўхталиб ўтамиз.
Cудлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилади. Яъни, бундан буён, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилинади. Бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўяди.
Маълумки, ишларнинг қайси ихтисосликдаги судга тааллуқли эканлиги процессуал қонунларимизда белгилаб қўйилган. Бироқ, фуқаро ва тадбиркорлар ўз муаммолари бўйича мурожаатни кўриб чиқадиган судни танлашда хатога йўл қўйиб, сарсон-саргардон бўлишлари мумкин. Судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилиши эса бу муаммон и бутунлай бартараф этади. Ушбу тизим орқали қабул қилинган мурожаат тааллуқлилик бўйича тегишли судга юборилади ва мурожаатчининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш муддати қисқаришига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддасига кўра, маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.
Агар ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим.
Бироқ, ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Аризадаги талабларнинг баъзилари маъмурий суднинг судловига тааллуқли бўлиб, баъзилари ҳарбий судларга тааллуқли бўлган тақдирданизо қайси судда кўриб чиқилиши масаласига янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан аниқлик киритилди.
Хусусан, қонун билан “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Мазкур Низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари:
1) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ва қонунчиликка мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмалар ҳарбий хизматчилари, шунингдек, ўқув йиғинларида бўлган даврда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;
2) Ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмаларнинг, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ҳамда ҳарбий бошқарув органлари ва ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчилар ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятларни;
3) Алоҳида ҳолатлар туфайли судлар иш юритмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;
4) Давлатсирларигатааллуқлиишларни;
5) Қонун билан ўз ваколатларига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўради.
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлар қонунга мувофиқ бошқа ишларни ҳам кўриши мумкин. Cуд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади, уларнинг судларга мурожаат қилиш ҳуқуқларини мустаҳкамлайди. Давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъулиятини оширади.
Дилмурод Юсупов,
Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси