СУДЬЯЛАР ТУРМУШ ТАРЗИНИНГ АЖРАЛМАС БЎЛАГИ

судья

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2018 йил 29 январдаги 490-сонли қарори билан янги таҳрирдаги “Судьялар одоб-ахлоқ кодекси” қабул қилинди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга одил судловнинг мустақиллигини, беғаразлигини ва лаёқатлилигини таъминлаш орқали эришилади. Бу ҳар бир судьянинг конституциявий нормаларга ва қонунларга риоя қилишини, ўз фаолиятини адолат ва холислик принципларига асосланиб амалга оширишини назарда тутади.

Суд ҳокимиятига бўлган муҳим талаблардан бири у албатта холис ва беғараз бўлиши керак. Агарда суд холис бўлмаса, ғаразли бўлса одил судловни амалга ошира олмайди ва у одил судлов ғоясини бузади ва ҳатто у ўзбошимчаликка йўл қўйиши мумкин.

Судьяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг давлат томонидан кафолатланиши, моддий ва ижтимоий таъминот даражаларининг юқори эканлиги одил судловга эришиш – қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишининг омилларидир. Судьянинг “Судьялар одоб-ахлоқ кодекси” қоидаларига сўзсиз риоя қилиши, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши, судьянинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳамда умуман суднинг нуфузини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.

“Судьялар одоб-ахлоқ кодекси” Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунларига, шунингдек, судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Мазкур Кодекс ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-ахлоқ талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига, одил судлов ва судьялар одоб-ахлоқи соҳасидаги халқаро стандартларга асосланган хулқ-атвор қоидаларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг судьялари ўзлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларида белгиланган барча ҳуқуқларга эгадирлар.

Ушбу Кодекс судьянинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди. Судьянинг мақомига монанд тарзда унга нисбатан юксак одоб-ахлоқ талабларини белгиловчи ушбу Кодекснинг қоидалари судьянинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекланиши деб талқин этилмаслиги керак. Ушбу Кодекс билан тартибга солинмаган масалалар юзага келган тақдирда, судьялар жамиятда таркиб топган одоб-ахлоқ қоидаларига, шунингдек судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига амал қиладилар. Судья одоб ва ахлоқнинг юқори стандартларига амал қилиши, ушбу Кодекс нормаларига сўзсиз риоя этиши, ҳар қандай вазиятда ҳаққоний бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг
обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Судья одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд томонидан ҳимоя қилиниши суд ҳокимияти органлари фаолиятининг мазмуни ва моҳияти эканлигини унутмаслиги лозим. Судья ҳар қандай вазиятда ўз шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши, камтар, хушмуомала бўлиши ҳамда қўполликка йўл қўймаслиги шарт.

Шунингдек, судья ҳамкасблари ва суднинг бошқа ходимларига нисбатан хушмуомала ва вазмин бўлиши, танқидга тоқатли бўлиши, ўзи тўғрисидаги танқидий фикрлар учун бевосита ёки билвосита таъқиб қилишга йўл қўймаслиги, бошқа судьянинг иш юритувидаги ишларни кўриб чиқилишига аралашмаслиги лозим. Судья суд ёрдамчисидан ва суд аппаратининг бошқа ходимларидан мансаб йўриқномалари қоидаларига риоя этишни, юқори профессионал даражада бўлишини, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли тақиқлар ва чекловларга риоя этишини, мажбуриятлар бажарилишини талаб қилиши шарт. Раҳнамоликка (асоссиз рағбатлантириш ва лавозимини оширишга), шунингдек бепарволикка (фаолиятдаги камчиликлари учун чора кўрмасликка, ноқонуний ҳаракатларига эътибор бермасликка) йўл қўйилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, судья хизматдан ташқари вақтда қонунда белгиланган чекловлар доирасидан четга чиқадиган ҳамда суднинг обрўсига, шунингдек судьянинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фаолият турлари билан шуғулланмаслиги лозим. Судья зўравонлик, шафқатсизлик, миллатчилик руҳидаги, шунингдек сиёсий ва диний мазмунга эга митинглар, йиғилишлар, намойишлар шаклидаги оммавий тадбирларда иштирок этмаслиги керак. Оила аъзолари, яқин қариндошлари томонидан жиноят содир этилганлиги факти тўғрисида судья дарҳол белгиланган тартибда Судьялар олий кенгашининг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекциясига тўғри ахборот тақдим этиши лозим. Судья ўзининг вояга етмаган фарзандларини боқиш, тарбия қилиш бўйича мажбуриятларини бажариши, ота-онасига ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларига ғамхўрлик қилиши лозим. Судья суд ресурсларидан шахсий мақсадда фойдаланмаслиги ва ходимларга шахсий ишлари бўйича топшириқлар бермаслиги керак.Муайян иш ҳал қилинаётганда судья бирон-бир кишига маслаҳат беришга ва ўз фикрини билдиришга ҳақли эмас.

Юқоридаги қоидаларга оғишмай риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Кодекс қоидалари бузилишини олдини олиш юзасидан чоралар кўриш суд инспекцияси ва тегишли судьялар малака ҳайъатларининг вазифаси ҳисобланади. Суд инспекцияси ушбу Кодекснинг бузилишига йўл қўйган судьяга нисбатан тегишли чоралар қўллаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига таклифлар киритади.

Қисқа қилиб айтганда, “Судьялар одоб-ахлоқ кодекси” судьялар томонидан халқ манфаатларини кўзлаб одил судловни амалга оширишларида дастур-ул амал бўлиб хизмат қилади.

Темур Ибрагимов,
Хоразм вилоят маъмурий суди судьяси