ТАНИШИНИ ЁҒОЧ БЎЛАГИ БИЛАН ЎЛДИРГАН ФУҚАРОГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ
Баъзида жиноятнинг жиддий тус олишида унга сабаб бўлган омилларнинг роли катта бўлади.
Бугун суднинг қора курсисида ўтирган 41 ёшли фуқаро спиртли ичимликка ружу қўйиши оқибатида Жиноят кодексининг 97-моддасида кўрсатилагн қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этган.
Судланувчи Қ.С. (шартли ўзгартирилган) Урганч туманида 1980-йилда туғилган, ўрта маълумотли, турмуш ўртоғи билан ажрашган, 1 нафар фарзанднинг отаси. Маҳалладошларнинг кўрсатмасига кўра айбланувчи мунтазам спиртли ичимлик ичиб, жанжал кўтариб қўшниларининг ҳам тинчлигини бузиб келган.
Жиноят содир бўлган куни Қ.С. соат кечги 8 да ўзининг яшаш уйи олдида маст ҳолатда турганида таниш Р.А.ни кўриб, унга спиртли ичимлик олиб беришини талаб қилиш баҳонасида ўзаро жанжаллашиб, уйи олдидаги ёғочлар орасидан 1 метр узунликдаги ёғоч бўлагини олиб, Р.А.нинг орқа томони елка қисмига бир маротаба урган Р.А. унинг тажовузидан қутилиш мақсадида кўча бошига қараб қочганида ортидан бориб, қўлидаги ёғоч бўлаги билан елкасидан уриб ерга йиқитиб, бош қисмига бир неча маротаба қасддан уриб, ўлдирган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра ўлимга бош мия очиқ жарохати, пешона суягининг очиқ синиши, бошни юмшоқ тўқималари, бош мия юмшоқ ва қаттиқ пардалари остига қон қуюлиши ва бошқа ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари сабаб бўлган. Шунингдек, суд-биология экспертизасида судланувчининг кийими ва ёғоч бўлагидаги қон доғлари марҳумга тегишлилиги исботланди.
Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судида кўрилган ишда судья мастлик ҳолатида жиноят содир қилинганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб, судланувчи айбига қисман иқрорлиги ва қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий ва моддий аҳволи, қарамоғида руҳий касал онаси ва 1 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, оиласида ягона боқувчи эканлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб ҳукм қилди. Унга кўра Қ.С. ЖКнинг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташлик белгиланди.
Ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар. Маҳкум 13 йилда балки қилган қилмишини тушиниб, бошқа жиноят кўчасига кирмас. Аммо, марҳумнинг яқинлари ва виждони олдида бир умр инсон ҳаётига зомин бўлган жиноятчи тамғаси билан яшашга мажбур бўлади. Панжара ортида сўнгги пушаймон қилишдан олдин ҳаётингизни издан чиқарадиган иллатлир домига тушиб қолишдан сақланинг.
Бунёд Ёқубов,
Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси