РАСМИЙ АХБОРОТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланиб, унда маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида коррупциянинг олдини олиш борасида суд органлари зиммасига муҳим вазифалар юклатилган.

2024 йилнинг 6 ойи давомида Хоразм вилоят судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, Хоразм вилоят ва жиноят ишлари бўйича туман(шаҳар) судлари томонидан 2024 йилнинг январь-июнь ойлари мобайнида мансабдор шахсларнинг маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги жами 5406 та қарори кўриб чиқилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли 210 та қарор бекор қилинган.

Соҳалар кесимида кўрсак, Солиқ органларининг 60 та, ИИБнинг 115 та, Кадастр агентлиги бошқармасининг 14 та, “Ўзэнергоинспекция”нинг 10 та ва бошқа органларнинг 11 та қарорлари суд томонидан бекор қилинган.

Вилоят маъмурий суди ва Урганч туманлараро маъмурий суди томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида ҳокимликларнинг 60 та, Солиқ органларининг 42 та, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 36 та, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармасининг 4 та, Транспорт бошқармасининг 1 та, Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросининг 5 та, Нотариал идораларнинг 2 та, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳудудий бошқармасининг 2 та, ФҲДЁ органларининг 1 та, Қурилиш органларининг 14 та қарорлари ҳақиқий эмас деб ва мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган.

Мазкур ишлар юзасидан суд таъсир чоралари қўлланилиб, вилоят судлари томонидан ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 156 та хусусий ажрим чиқарилган ва юқори ташкилотларига 20 та тақдимнома киритилган.

Хоразм вилоят суди матбуот химати