Тадбиркорлик субъектлари ҳимояси – иқтисодий ислоҳотлар пойдевори
Сўнгги беш йил давомида мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратиш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорлик муҳити шаклланиши ҳамда чет элдан кўплаб инвесторларнинг мамлакатимизга ташриф буюриб, инвестиция киритишига замин яратмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай чора-тадбирлардан бири – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфааларини ҳмоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғисида”ги ПФ-6314-сонли Фармони ҳисобланади. Айтиш жоизки, мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил август ойида тадбиркорлар билан учрашувидан сўнг, уларнинг ўз фаолиятларида дуч келаётган тўсиқларни инобатга олиб, ҳар томонлама пухта ва узоқни ўйлаган ҳолда қабул қилинди.
Жумладан, мазкур Фармон билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, давлат назоратини такомиллаштириш ва “Солиқчи — кўмакчи” тизими орқали уларга нисбатан маъмурий ва солиқ юкини камайтириш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти, алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ бекор қилинди.
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланди.
Шу қаторда тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўиб келаётган кўплаб муаммоли ҳолатлар ҳам Фармон билан ўз ечимини топганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз бўлади. Жумладан, адлия вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг 2021 йил
1 октябрдан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функцияларини бекор қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди. Шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича давлат назорати функциялари рўйхати қонун билан тасдиқланиши, бунда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг рўйхатга киритилмаган давлат назорати функцияларини амалга оширишга йўл қўйилмаслиги ҳамда ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун кечиктириб бўлмайдиган назорат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ текширувлар, шунингдек, сайёр солиқ текширувлари киритилиши белгиланди.
Шу билан бир қаторда, келгусида тадбиркорликни кенг ривожлантиришга қаратилган Йўл харитаси ҳам тасдиқланиб, унда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш, профилактика тадбирларини амалга ошириш, текширувларни электрон рўйхатга олиш, Текширишларни рўйхатга олиш китобини юритиш тартибини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индексини аниқлаш тартибини ишлаб чиқиш, давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини шакллантириш ва юритиш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бошқа шу каби долзар вазифа ва функциялар белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилиб, давлат томонидан кафолатланиши – жамият ва давлат ривожи, халқимизнинг осойишта ва фаровон турмуш-тарзи кечиришига замин яратади.
Дилмурод Юсупов,
Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси