Ҳалол тадбиркорлар қонун ҳимоясида

Қонунчилигимизда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш ёки мулкдорлар ҳуқуқини бузганлик учун давлат, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар мансабдор шахсларининг қатъий жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, қонунчилигимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунларни янада либераллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш билан боғлиқ таомилларни соддалаштириш кабиларда ўз аксини топмоқда.
Мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда уларга эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада юртимизда тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Энг муҳими, тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган эзгу ишлар жамиятимиз тараққиётига ўзининг муносиб ҳис­сасини қўшмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Республикамизда “20 август куни” тадбиркорлар куни сифатида белгиланди ва ҳар йили шу куни давлат раҳбари тадбиркорлар билан бевосита мулоқот ўтказиб, уларнинг муаммолари, ҳал этиш йўллари, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинади. Энг муҳими, тадбиркорлар олдида турган муаммоларни ҳал этишнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинади.
Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2022 йил 21 январдаги “Республика судларининг 2021 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари ҳамда 2021 йилда суд ҳокимияти органларини молиявий, моддий-техник таъминлаш борасида амалга оширган ишлари тўғрисида”ги РС-01-22-сонли қарорининг 20-бандига асосан ҳафтанинг ҳар жума куни “Тадбиркорлар куни” деб белгилаб қўйилди.
Шундан келиб чиқиб Хоразм вилоят маъмурий судларида ҳам жума куни тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш, уларга ёрдам сўраб келган масаласи бўйича ҳуқуқий маслахатлар бериш амалиёти янада жонланди. Айниқса, “Жума – Тадбиркорлар куни” доирасидаги қабулларда маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби, судга тааллуқлилик масаласи бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Энди қилинган амалий ишларга тўхталсак, вилоят маъмурий судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида 15 нафар тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.
Хусусан, аризачи “XORAZM BALIQ SANOAT AGRО” МЧЖнинг жавобгар Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 1171-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси Урганч туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 31 январдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, адолат мезони ҳаётий ҳақиқат эканлиги яна бир бор ўз исботини топди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалол тадбиркорлар мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизни иқтисодий ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига хизмат қилади.
 
Дилмурод Юсупов, Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси.

Эрта никоҳ ва унинг ҳуқуқий оқибатлари

Ўзбекистон мустақилликка эришгач барча соҳаларда, хусусан Оила қонунчилиги тизимида ҳам самарали ислоҳотлар қилинди. Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам алоҳида “Оила” боби киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши белгилаб қўйилган.

Юртимизда оила инс­титутини мустаҳкамлаш, нуфу­зини ошириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, эрта никоҳнинг олдини олиш ва соғлом фарзандни дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Шунингдек, Оила кодексида ҳам никоҳ тузиш тартиби, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги, никоҳ ёши, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар ва никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш нормалари белгилаб қўйилган.

Бироқ, баъзи ота-оналарнинг никоҳ ёшига етмаган, коллеж, лицейларни тугатмаган қизларини эрта турмушга чиқариб юбориш ҳолатлари учраяптики, бу ёш оналар ва болаларнинг ногирон, заиф болалар туғилишига сабаб бўлмоқда.

Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида ўзига хос ижтимоий вазифани бажаради. Оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамиятимиз шунчалик мустаҳкам бўлади. Республикамизда оилага эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшлармизнинг соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оиланинг ҳуқуқий асосини қонуний никоҳ ташкил этади. Чунки фақат қонуний никоҳгина оилада эр-хотин ва болалар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.

Никоҳ тузилиши учун никоҳланувчилар қонунда белгилаб қўйилган никоҳ ёшига етган бўлишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркак ва аёллар учун 18 ёш қилиб белгиланган. Бугунги кунда мутахассислар томонидан никоҳ ёшини кўтариш мақсадга мувофиқ деб топилмоқда. Таълим тўғрисидаги қонунчилик талаблари ҳамда қизларнинг физиологик жиҳатдан оналикка тайёр бўлишлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу фикр асослидир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга қисқартирилиши мумкин.

Оила кодексининг 13-моддасида «Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас»лиги кўрсатилган, бироқ никоҳ ёшига тўлмаган қизлар билан ФҲДЁ органларидан рўйхатдан ўтмасдан, диний расм-русумларга биноан никоҳ тузиш маросимини ўтказиш ҳолатлари кам бўлсада, ҳамон учраб турибди. Мўрт ва ҳуқуқий ҳимояланмаган оилалар кўп ҳолатларда бузилиб, аксарият ҳолларда аёллар жабрланувчи бўлиб қолаётгани ачинарлидир.

Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Эрта никоҳнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш ҳамда жамиятда аёлларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мавқеини мустаҳкамлаш, аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилашга қаратилган мазкур ҳужжатларга асосан никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Шу билан бирга никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш эндиликда маълум жавобгарликларни келтириб чиқаради.

Бундан кўзланган мақсад – она-бола саломатлигига салбий таъсир этаётган ҳолатларнинг олдини олиш, келгуси наслларнинг ҳар томонлама соғлом онадан дунёга келишини таъминлашдир.

Ушбу қонунда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш долзарб вазифалардандир. Бу борада тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим ҳамда тиббиёт муассасалари мутахассислари ҳамкорлигида амалга оширилаётган тарғибот ишлари янада кучайтирилмоқда. Шифокорлар, педагоглар, психологлар, хотин-қизлар қўмиталари ва маҳаллалар фаоллари томонидан ёшларга соғлом ҳаёт ва узоқ умр кўриш, жисмоний ва маънавий баркамолликка эришиш, оила мустаҳкамлиги хусусида ҳаётий мисоллар орқали сўзлаб берилмоқда.

Мамлакатнинг ҳар бир қонун-қоидасини, унинг мазмуни ва аҳамиятини шу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси билиши лозим. Зеро, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди. Никоҳ ёшига оид юқоридаги қонун-қоидаларни тарғиб қилишдан мақсад эса одамларни огоҳлантиришдир. Ҳар бир ота-она, ҳар бир никоҳланувчи ёш ўз ҳақ-ҳуқуқини ва бурчини яхши билса, ўз соғлиги ва фарзандлари олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этса, хавотирга ўрин қолмайди. Оилалар мустаҳкам, болалар баркамол бўлади.

Юртимизда никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий ҳаётда рўй берадиган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишдир. Зеро, ватан оиладан бошланади. Оилалар мустаҳкам бўлса, келажагимиз порлоқ бўлади.

Дониёрбек Эшчанов, Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси.

ХОРАЗМ ВИЛОЯТ СУДЛАРИНИНГ РАЁСАТИДА ЮТУҚ ВА КАМЧИЛИКЛАР ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛИЙ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Хоразм вилоят судларининг жорий йилнинг 6 ойидаги фаолиятидаги ишларни танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда суд қарорларининг сифати, сайёр суд мажлисларини ташкил этиш кўрсатгичи, суд ходимларининг иш фаолияти, бўлимларга юклатилган топшириқлар ижроси каби кун тартибидан ўрин олган масалалар кенг муҳокама қилинди.

Жумладан, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида жами 978 (722) нафар шахсга нисбатан 713 (562) та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, барча инстанцияларда 4 (12) нафар шахсга нисбатан 3 (10)  та жиноят иши бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Мазкур даврда 13.877 (11.379) нафар шахсга нисбатан 12.167 (9.541) та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 7.628 (6.634) нафар шахсга нисбатан 6.971 (5.914) та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган, 6.249 (4.745) нафар шахсга нисбатан 5.196 (3.627) та иш тугатилган.

Кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 810 (571) нафар шахсга нисбатан 562 (428) та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган, 162 (150) нафар шахсга нисбатан 148 (133) та жиноят иши тугатилган, 158 нафар шахсга нисбатан 144 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли иш тугатилган.

Биринчи чорак давомида Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 69 (19) нафар шахс қамоқдан озод этилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан 421 (400) нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 252 (203) та ёки 35,3 (36,1) % жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган.

Шунингдек, судлар томонидан кўриб тамомланган турли тоифадаги ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, уларнинг сони 73 (64) тани ташкил этган, уларнинг натижаси бўйича тегишли корхона, муассаса ва ташкилотларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан 49 (33) та тақдимнома киритилган, 713 (518) та иш бўйича ёки 100 (92,2) фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Оммавий ахборот воситаларида жами 103 (98) та чиқишлар қилинган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилнинг 6 ойи давомида биринчи инстанция судларида жами 10.271 (7.401) та  фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 7.605 (5.009) та даъво қаноатлантирилган, 712(699) та даъво ариза рад этилган, 150 (130) та  фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган, 1.800 (971) та даъво аризалар  кўрмасдан қолдирилган.

Вилоят судлари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 109 (84) та чиқишлар қилинган.

Низолар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан чиқарилган хусусий ажримлар сони 157 (29) та, умумлаштиришлар эса 18 (7) тани ташкил қилган.

Ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш жами кўриб тамомланган 10.271 (7.401) та фуқаролик ишларининг 3.355 (2.246) таси яъни 32,6 (30,3) %ни ташкил этган.

Иқтисодий ишлар бўйича судларда ўтган 2022 йилнинг ўтган 6 ойида жами 3.283 та (2021 йилнинг шу даврида 4.599 та) иқтисодий ишлар кўрилган бўлиб, шундан 19 таси суд буйруғи бериш тартибида кўрилган ишларни ташкил қилади. Жами кўрилган ишлардан 2.721 таси қаноатлантирилган, 428 таси бўйича даъво рад қилинган, 87 таси бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган, 47 таси бўйича иш юритиш тугатилган. Жами кўрилган ишларнинг 1.349 таси, 41,1% сайёр суд мажлисларида (2021 йилнинг шу даврида 2.131 та, яъни 46,3%)  кўрилиши таъминланган.

Шунингдек, ушбу даврда хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 584 та иш кўрилиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари тикланиб, уларнинг фойдасига 64,7 млрд сўм маблағлар ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. 

6 ойда иқтисодий судлар томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 111 та чиқишлар қилинган.

2022 йил 1-ярим йиллиги давомида Хоразм вилояти маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 609 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган.

Маҳаллий ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги жами 275 аризалар кўриб тамомланган бўлиб, шундан 127 таси бўйича ариза талаблари қаноатлантирилиб, туман ва шаҳар ҳокимларининг 127 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган, 125 та ариза рад қилинган бўлса,  6 таси кўрмасдан қолдирилган ва 17 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Раёсатда кўрилган барча масалалар, бартараф этилиши керак бўлган камчиликлар юзасидан вилоят суд раиси томонидан ҳаракатлар дастури тасдиқланиб, у асосида чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда камчиликлар билан бир қаторда ютуқларга ҳам алоҳида тўхталинди. Судья ва суд ходимларининг одил судловни амалга оширишдаги ҳиссаси ва ишдаги фаоллиги эътироф этилиб, вилоят суди раиси Б.Полванов ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Ж.Султановалар томонидан қўйидаги бир гуруҳ судья ва суд ходимларига фахрий ёрлиқлар топширилди.

  1. Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Маҳмудов Ойбек Аллаберганович,
  2. Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судяси Муратов Даврон Джумагелдиевич
  3. Вилоят судининг фуқаролики ишлари бўйича судьяси Султанов Зафар Озодович,
  4. Вилоят судининг фуқаролики ишлари бўйича судьяси Рахимов Анвар Матякубович,
  5. Вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Қурбанов Мансурбек Комилович,
  6. Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди раиси Рузметов Мурод Улуғбекович,
  7. Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди раиси Авезов Хамид Машарибович,
  8. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди судьяси Бобажанов Руслан Машарипович,
  9. Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг судьяси Абдуллаев Бобур Махмудович,
  10. Шовот туманлараро иқтисодий суди раиси Ҳайитбоев Баҳром Искандарович,
  11. Вилоят судининг малака ҳайъати котиби Шарипов Иномжон Баҳодирович,
  12. Вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Мадраҳимов Зафар Йўлдошбоевич,
  13. Вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Кушназаров Вохиджон Ражапбоевич,
  14. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг девонхона мудири Наврузов Содиқжон Қудратович.

    Вилоят суди раисининг фаҳрий ёрлиғи билан тақдирлаш жараёнидан фоторепортаж:

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

“ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУННИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ

Ўзбекистон Республикасида юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрель куни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонуннинг 5-моддасига кўра, Тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилардан иборат:

Вақтинча тўловга қобилиятсизлик – мажбуриятни 3 ойда бажараолмаслик (шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса 6 ой ичида бажаролмаслик);

Доимий тўловга қобилиятсизлик – судга ариза бериш санасидаги ва аризаберилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятларини унинг активлари қийматидан ошиб кетиши.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд томонидан кўрибчиқилади.

Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга. Қарздор ва кредитор тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкин.

Қарздор солиқлар ва йиғимлар бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармалари эга бўлади.

Қонунинг 30-моддасига кўра, қарздор юридик шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда қуйидаги тартиб-таомиллар қўлланилади:кузатув;суд санацияси; ташқи бошқарув; тугатишга доир иш юритиш.

Қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда қуйидаги тартиб-таомиллар қўлланилади:қарзни таркибий жиҳатдан ўзгартириш;банкротликни тан олиш ва мол-мулкни сотиш.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомили қўлланилади.

Ушбу Қонун билан жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш мумкинлиги белгиланди. Ўзбекистон Ресубликасида “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунда бундай тартиб таомиллар назарда тутилмаган.

Жумладан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунинг 14-бобига кўра Қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.

Қарздор жисмоний шахс, кредитор, шунингдек давлат солиқ хизмати ва бошқа ваколатли органлар жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Жисмоний шахсга нисбатан тўлов қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза берган аризачи томонидан молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан пул маблағлари ўтказилади.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд мажлисида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки Қонунинг 249-моддасига кўра, Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ҳамда Қонуннинг14-боби 2023 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Дилшод Шарипов, Боғот туманларо иқтисодий суди судьяси

Кўп миқдорда “Трамадол” сотган аёлга суд ҳукми ўқилди

Баъзи инсонлар бойлик орттириш мақсадида ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш, қинғир йўлдан юришгача боради. Буни асло адашиш деб бўлмайди. Сабаби, жиноят ортидан топилган мўмайгина пулнинг “мазаси” одамни тўғри йўлдан узоқлаштириб, жиноят ботқоғига чуқурроқ тортаверади.

                   1974 йил Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида туғилган, 3 нафар фарзанднинг онаси Д.К. замонавий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган “трамадол” сотиш билан шуғилланиб келган.

         Кўза кунда эмас, кунида синади дейишганидек Д.К. 2021 йил 10 ноябрь куни соат тахминан 1730 да Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани, Пахтачи овул фуқаролар йиғинида жойлашган яшаш уйининг ёнида назорат тартибида тадбирга жалб қилинган У.С.га жами соф вазни 17,5 грамм бўлган кўп миқдордаги 35 та конвалюта “трамадол” гиёвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 7 миллион сўмга сотган вақтида ҳуқуқни мухофаза қилувчи ходимлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судида кўрилган жиноят ишда судья томонлар ва гувоҳлар кўрсатмаси, иш ҳужжатлари ва далилларга бахо бериб ҳукм қилди. Унга кўра Д.К.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Айбланувчи томон суд ҳуқмидан норози бўлиб, Хоразм вилоят судига апелляция тартибида шикоят берди. Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилган ишда судланган Д.К.нинг суд мажлиси жараёнида ўзининг иқрорлик билдириб берган кўрсатмаси, гувоҳлар кўрсатуви, тезкор-қидирув тадбирининг фотосуратлар, DVD диск, эксперт-криминалистика хулосалари, суд-кимёвий экспертиза хулосалари, далиллар ҳамда бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тасдиқланган деп топилди.

Апелляция инстанцияси жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг 2022 йил 11 март кунги Д.К.га нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирди.

Нафсининг қурбонига айланган бу аёл колониядан озодликнинг, фарзандлари ёнидаги ҳаётнинг қадрига етиб, тўғри хулоса билан қайтиб келар. Аммо, у сотган гиёхвандлик воситаси қанчадан қанча ёшларнинг ҳаётини издан чиқариб, оилаларни пароканда қилиб улгирди. Афсуски бунинг бадалини ҳеч нарса билан тўлаб бўлмайди.

Музаффар Самандаров, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

ГУГУРТ ҚУТИСИДАГИ “АЖАЛ” ГИЁҲВАНДЛАРНИ ФОШ ҚИЛДИ

гиёҳванд модда

Гиёҳванд моддалар уни истеъмол қилган шахсларни жисмонан мажруҳ, оиласини иқтисодий жиҳатдан хор қилиши барчага аён. Негаки, беш дақиқа кайфи учун гиёҳванд моддаларга ружу қўйган одам  катта маблағ топишга мажбур бўлади. Бу маблағ эса  оила рисқини қирқиш эвазига ва яна қай йўллар билан ундирилиши ҳаммамизга маълум.

Шу сабабли бундай кимсалар керакли пулни топиш учун ҳеч нарсадан тоймайдилар. Ҳатто, гиёҳванд моддалар “олди-сотди”сида воситачилик  қилишдан ҳам.

Ҳазорасп тумани Мухомон қишлоғида яшовчи Аброр Юнусов,  Одилбек Жуманиёзов,  Улуғбек Сотимов ҳамда  Мурод Норбоевлар (исми-шарифлари ўзгартириб берилмоқда) ана шундай шахслар бўлиб чиқишди.

2021 йилнинг 23 апрель куни ҳуҳуқ органи ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида А. Юнусовнинг ёнидан гугурт қутиси ичига қадоқланган, оғирлиги 1.22 грамм бўлган марихуана моддаси топилади.  Суриштирув давомида  у гиёҳвандлик моддасини  таниши О. Жуманиёзовдан 350 минг сўмга сотиб олганини айтади. У келтирган важга аниқлик киритиш учун икки кундан кейин ўтказилган тадбирда О. Жуманиёзов А. Юнусовга гурурт қутиси ичига қадоқланган 1.44 грамм марихуана гиёҳванд моддасини 350 минг сўмга сотаётганда ашёвий далиллар билан ушланади.

Аниқланишича, Улуғбек Сотимов овулхонаси томига гулдон ичига марихуана (каннабис) таркибида гиёҳвандлик моддаси бор ўсимликни экиб, парваришлаган ва О. Жуманиёзовга сотган.

У. Сотимов яна бир гиёҳвандликка муккасидан кетган таниши М. Норбоевни фош қилишда орган ходимларига ёрдам беради. Бу сафар яна ичига “ажал” қадоқланган гугурт қутиси ёрдамга келади.

Аслида бу каби ўзаро “олди-сотди”лар бир неча йиллардан буён пинҳона амалга ошириб келинган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  тегишли моддалари билан айбдор деб топилган  шахсларнинг уч нафарига  уларнинг ёши, оилавий аҳволи, қаромоғида фарзандлари борлиги инобатга олинган ҳолда бир ярим йилдан 4 йилгача бўлган муддатда озодликни чеклаш ҳамда бир нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилди.

Гиёҳвандликка берилган, унинг “олди-сотди”сини ўзаро йўлга қўйган бу шахсларнинг энг ёши каттаси олтмишига кириб қолган. Қолганлари ҳам аллақачон эллик ёшга яқинлашган. Бу ёшдаги кишилар фарзандлари ва неваралари тарбияси билан машғул бўлиб, уларни ҳаётда тўғри йўлга бошламоқлари керак, аслида. Улар эса…

Эндиликда қўлланган жазо бу шахсларга яхши сабоқ  бўлади, деб умид қиламиз.

Маҳмуд Маҳмудов,
Хоразм вилоят суди судьяси

ЯНГИБОЗОРДА ПОРА ОЛГАН МАНСАБДОРГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судида 1973 йилда Урганч туманида туғилган, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, оилали, 3 нафар фарзанднинг отаси М.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши кўриб чиқилди.
Муқаддам Янгибозор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори лавозимида ишлаб келган М.Ж. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 7-2020/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига субсидия ажратиш ваколати берилганидан фойдаланиб, 2021 йил 19 февраль куни 67 нафар кооператив аъзосига субсидия ажратиб берилишини сўраб марказга мурожаат қилган “RO`ZMAT BOZOR BOBO” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Э.Р.ни пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириб, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 122 млн. 496 минг 100 сўмлик субсидия ажратилиши эвазига ундан 1000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган.
Кооператив раҳбари Э.Р. бунча пули йўқлигини билдирган. Шундан сўнг, субсидия ажратилгач М.Ж. Э.Р.дан мазкур пуллардан банк орқали 10 млн. сўмни нақдлаштириб олиб келиш талабини қўяди. 2021 йил 15 июнь куни соат тахминан 11:30ларда ўзининг хизмат хонасида Э.Р.дан 10 млн. сўм пул маблағини пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди иш ҳужжати билан танишиб, тарафлар фикрини ва гувоҳлар кўрсатмасини эшитиб ҳукм қилди. Унга кўра, М.Ж. ЖКнинг 210-моддаси(пора олиш) 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ҳамда ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил муддатга давлат ва давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

СИЗ ҚОНУН ҲИМОЯСИДАСИЗ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига асосан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Мамлакатимизда Конституция ва қонунлар устунлиги сўзсиз тан олинар экан, ҳар бир шахснинг шу жумладан, вояга етмаганлар, васийлик ва ҳомийлик остидаги ҳамда имконияти чекланганларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатлари суд даражасида кафолатланади. Ҳуқуқ лаёқатига эга ҳар бир фуқаро, гарчи у муомала лаёқатига эга ёки эга эмаслигидан қатъи назар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини бошқа шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлигидан ҳимоя қилиш, бузилган ўз ҳуқуқларини суд орқали тиклаш ҳуқуқига эгадир. Муомала лаёқатидан фарқли равишда, фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди. Ушбу жараёнда эса, айнан вакиллик институти Конституциямизнинг 44, 116-моддаларида мустаҳкамланган суд орқали ҳимояланиш ва малакали юридик ёрдам олиш каби конституциявий ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Судларда вакил сифатида қатнаша оладиган шахслар доираси, вакилнинг ваколатлари ҳамда ваколатларини расмийлаштириш каби процессуал ҳаракатларнингўзига хос ҳусусиятлари процессуал қонун нормалари билан тартибга солинади.
Фуқаролик процессул ҳуқуқида судларда вакилликнинг қонуний (мажбурий) вакиллик ва шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик каби турлари мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 65-моддасига асосан, фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ёки ўз вакиллари орқали юритиши мумкин. Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Бироқ, вояга етмаганлар, васийлик ва ҳомийлик остидаги ҳамда имконияти чекланган шахслар муомалага лаёқатсиз бўлганликлари сабабли, суд ишларини судда шахсан ўзлари юрита олмайдилар. Шу сабабли, уларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда қонуний вакиллари ҳимоя қилади. Қонуний вакилликнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шундаки, қонуний вакиллик келиб чиқиши учун ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинаётган шахснинг розилиги талаб этилмайди.
Қуйидаги шахслар қонуний вакил сифатида қатнашиши мумкин, яъни:
— ота-оналар;
— фарзандликка олганлар;
— васийлар;
— ҳомийлар.
Қонуний вакиллар вояга етган ва муомалага лаёқатли бўлишлари керак. Шунингдек, қонуний вакилларнинг ишга киришиши учун боланинг тегишли ота-онадан пайдо бўлганлиги, болаликка олинганлик фактларини тасдиқловчи ҳужжатларни шунингдек, васий ёки ҳомийни, мерос мулкини асровчини тайинлаш тўғрисида қарорларни тақдим этиши лозим.
Қонуний вакиллар, шартнома бўйича вакиллардан фарқли равишда, ФПК 54-моддасида кўрсатилган барча процессуал ҳаракатларни махсус ваколат олмаган ҳолда мустақил содир этишга ҳақлидирлар.
Фуқаролик процессуал кодексининг 66-моддасига мувофиқ, ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, муомалага лаёқатсиз ёки бедарак йўқолган деб топилган шахснинг қонуний вакили вакиллик қилинаётган шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига тааллуқли ишлар кўриб чиқилаётганда унинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни амалга оширади.
Бироқ, фуқаролик процессуал қонунчиликда қонуний вакилнинг процессуал ҳаракатларни чекланган ҳуқуқлар доирасида амалга ошириши ҳам назарда тутилган. Жумладан, ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахснинг қонуний вакили ишлар кўриб чиқилаётганда шу шахснинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни чекланган ҳуқуқлар доирасида амалга оширади.
Умуман олганда, ҳар қандай демократик давлатда жамиятнинг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, уларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини эркин рўёбга чиқариши учун барча шароитлар яратилади. Шу сабабли, судларда вакиллик институтининг жорий этилиши вояга етмаганлар, васийлик ва ҳомийлик остидаги ҳамда имконияти чекланган шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, Конституция ва қонунларимизда белгиланган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларниамалга ошириш учун хизмат қилади.

Сирожиддин Салаев,
фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судья ёрдамчиси

Судловга тааллуқлилик

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар ва уларнинг ижобий натижаларига тўхталиб ўтамиз.

Cудлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилади. Яъни, бундан буён, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилинади. Бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўяди.

Маълумки, ишларнинг қайси ихтисосликдаги судга тааллуқли эканлиги процессуал қонунларимизда белгилаб қўйилган. Бироқ, фуқаро ва тадбиркорлар ўз муаммолари бўйича мурожаатни кўриб чиқадиган судни танлашда хатога йўл қўйиб, сарсон-саргардон бўлишлари мумкин. Судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилиши эса бу муаммон и бутунлай бартараф этади. Ушбу тизим орқали қабул қилинган мурожаат тааллуқлилик бўйича тегишли судга юборилади ва мурожаатчининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш муддати қисқаришига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддасига кўра, маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.

Агар ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим.

Бироқ, ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

Аризадаги талабларнинг баъзилари маъмурий суднинг судловига тааллуқли бўлиб, баъзилари ҳарбий судларга тааллуқли бўлган тақдирданизо қайси судда кўриб чиқилиши масаласига янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан аниқлик киритилди.

Хусусан, қонун билан “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Мазкур Низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари:

1)       Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ва қонунчиликка мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмалар ҳарбий хизматчилари, шунингдек, ўқув йиғинларида бўлган даврда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;

2)       Ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмаларнинг, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ҳамда ҳарбий бошқарув органлари ва ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчилар ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятларни;

3)       Алоҳида ҳолатлар туфайли судлар иш юритмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;

4)       Давлатсирларигатааллуқлиишларни;

5)       Қонун билан ўз ваколатларига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўради.

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлар қонунга мувофиқ бошқа ишларни ҳам кўриши мумкин. Cуд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади, уларнинг судларга мурожаат қилиш ҳуқуқларини мустаҳкамлайди. Давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъулиятини оширади.

Дилмурод Юсупов,
Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси          

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТГА ТАҲДИД

Бугун дунё миқёсида ҳал этилиши шарт бўлган асосий муаммолардан бири бу –коррупциядир. 

Коррупция – ниҳоятда ижтимоий-сиёсий вайронкор куч. Унинг оқибатида миллий иқтисодиётга, тараққиётга путур етади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, халқнинг давлат бошқаруви органларига ишончи йўқолади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига зиён етади.

“Коррупция” тушунчаси “шахсий фойда олиш мақсадида ҳокимиятни суиистеъмол қилиш” маъносини англатади. Коррупцияни вужудга келтирувчи унсурлар сифатида яхши таълим-тарбия кўрмаган кам маош олиб ишловчи шахсларнинг нокаслиги, бошқарувнинг кучсизлиги, жамиятда “шахсий” омилларнинг устунлиги ва ҳ.к.

Ривожланган мамлакатлар қонунчилигига коррупциянинг олдини олиш мақсадида давлат мансабдорларининг коррупциявий фаолиятга йўл қўймаслик мақсадида қатор тақиқлар, чеклов ва турли стандартлар киритилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам мустақиллик йилларида коррупцияни жиловлаш ва тугатиш борасида бирмунча ислоҳотлар амалга оширилди. 2008 йилда Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши кураш бўйича Конвенциясига қўшилган бўлса, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик
ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш тармоғи – Истанбул ҳаракат дастурига қўшилди. Шундан сўнг мамлакатимизда Халқаро ва маллий ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш Миллий режаси ишлаб чиқилди. Жиноят ва Жиноят процессуал кодексига коррупцияни содир қилган ва унда иштирок этган шахсларга нисбатан тегишли жавобгарликлар белгиланиб, борларига яна ҳам таъсирчан тус берилди. Шунингдек, “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва демократлаштириш учун 2014 йилда қабул қилинган “Давлат бошқаруви ва ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим қадам бўлди. Бироқ ушбу қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ҳам коррупцияни жиловлаш учун камлик қилди ва 2016 йил октябрь ойидан бошлаб коррупцияга қарши аёвсиз кураш бошланди. Бунинг натижаси ўлароқ 2017 йил 04 январдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солиш, давлат бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш юзасидан кўраётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупцияга муросасиз муҳитни яратиш кўзда тутилди.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлардан бири бу – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бўлди. Мазкур Қарор билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди.

Бошқа соҳалар сингари суд тизимида ҳам тизимни коррупциядан ҳоли қилиш, ушбу жирканч иллатга муросасиз бўлиш муҳитини яратиш мақсадида кўплаб амалий чора-тадбирлар белгиланмоқда. Шундай чора-тадбирлардан бири – Ўзбекистон Республикаси “Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонуни қабул қилинганлиги бўлиб, мазкур Қонун билан Судьялар олий кенгашига судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш вазифаси юклатилди ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш мақсадидаСудьялар олий кенгаши раиси томонидан одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб бориш тартиби ўрнатилди ҳамда Судьялар олий кенгашида коррупцияга қарши курашиш вазифаси юклатилган ўринбосар лавозими ҳамда Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси ташкил этилди.

Муҳтасар қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар барча давлат бошқарув органларининг очиқлигини таъминлаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг халқ олдида масъуллиги ва ҳисоб бериб бориш принципларини ўрнатиш, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувлар ҳамда тўсқинликларга барҳам бериш учун таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда нафақат давлат органлари ва мансабдор шахслари, балки ҳар бир фуқарода коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш туйғуси уйғонишига замин яратмоқда.

Жамила Султанова,
Хоразм вилоят маъмурий суди раиси

Перейти к содержимому