Судья ва ёшлар учрашуви

Бугун Олий суд раисининг биринчи ўринбосари И. Муслимов ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи М. Мухитдинов Урганч давлат университетининг бўлажак ҳуқуқшунос талабалари билан учрашди.

Мулоқот Олий суд ва Урганч давлат университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган меморандум ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тарғиботига алоҳида эътибор қаратилган учрашувда нафақат истиқболли режалар, балки Олий суд ва Урганч давлат университети ўртасидаги амалий ҳамкорлик натижасида эришилган ютуқлар ҳам алоҳида эътироф этилди.

Таъкидланганидек, суд аппарати ходимларининг жамиятда ижтимоий мавқеини ва обрў-эътиборини ошириш ҳамда судларда энг муносиб ва юқори малакали кадрлар корпусини шакллантириш тизимни тубдан ислоҳ қилиш йўлидаги энг асосий вазифалардан биридир.

Бундай мақсадларга эришиш учун кадрлар билан ишлаш ҳамда уларнинг билими, малакаси ва иш сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, судларда ишчанлик муҳитини яратиш билан бир қаторда ходимларнинг дунёқараши, маънавияти, касбий одоб-ахлоқи ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада Олий суд ҳузурида ташкил этилган “Бўлажак суд ходимлари” клубига университет талабаларини фаол жалб қилиш учун тегишли ҳуқуқий замин яратилган. Пировардида талабалар ҳеч қандай тўсиқларсиз клубга аъзо бўлиб, дарсдан бўш вақтларида судларда танишув амалиётини ўташлари ҳамда бўлажак касблари бўйича иш ўрганишлари учун имконият юзага келди. Ушбу талабалар белгиланган тартибда судларга бириктирилади ҳамда амалиёт ўташлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилади.

Эътиборлиси шундаки, Олий суд раҳбарияти томонидан айни кездаёқ суд тизимида ишлаш истагини билдирган интилувчан ва изланувчан талабаларга қонунчиликка кўра меҳнат қилиш, иш ўрганиш ва тажриба орттириш учун барча имкониятлар яратиб берилиши таъминланади.

Тадбирда иштирок этган талабалар суд тизимидаги бўш иш ўринлари, ходимлар учун яратилган шароитлар, ижтимоий кафолатлар, ишга қабул қилиш тартиби ҳамда номзодларга қўйиладиган талаблар ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдилар.

Боғотда “Оила муқаддас” мавзусида мулоқот ўтказилди

Вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Боғот тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси аъзолари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва хотин-қизлар маслаҳатчилари билан “Оила муқаддас” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда вилоят суди судьялари Ж.Курязов ва З.Султонов, Боғот туманлараро судининг судьяси С.Каримов ҳамда туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Д.Абдуллаевалар иштирок этишди.

Мулоқотларда низоли оилаларни яраштиришда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ва ажрашиш билан боғлиқ масалаларни суд тартибида ҳал этиш бўйича тушунтиришлар берилди. Маърузачилар Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияларининг ажрашиш арафасидаги эр-хотинларни яраштириш фаолиятига ҳам алоҳида тўхталишди.

Мавзу юзасидан масъулларнинг таклифлари эшитилди.

Шунингдек, иштирокчиларнинг никоҳни бекор қилиш ва бошқа оилавий низоларга доир саволларига жавоб берилди.

Хоразм вилоят судида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди

Хоразм вилоят судида “Уч авлод учрашуви” тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, эл ардоғидаги нуронийларни судьялар ва ёш ходимлар даврасига тез-тез таклиф этилиши яхши анъанага айланди. Сабаби, бундай учрашувлар ёш ходимларни тафаккур қилишга, судьяларни устозлардан касбида асқотадиган ўгитларни олишга ундайди.

Вилоят суди ва видеоконференцалоқа тизими орқали туман(шаҳар) судлари судья ҳамда ходимлари иштирокида ўтказилган бу галги “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирига вилоятда юксак маънавияти ва меҳнати билан ҳурмат қозонган, обрў-эътиборга эга бўлган нуронийлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони ва бошқа бир қанча давлат мукофотлари соҳиби Кенжа Ортиқов ҳамда “Шуҳрат” медали соҳиби, суд фахрийси Султонбой Раҳмановлар таклиф этилди.

Учрашувда нуронийлар ҳаёт йўли, соҳа ривожи учун амалга оширган ишлари, бу йўлда учраган машаққатлар ва қийинчиликлари хусусида ёш авлод вакилларига ҳикоя қилиб беришди. Айниқса, ҳам машаққатли, ҳам шарафли бўлган судьялик касбида ҳалол ишлаш ҳамда инсонларни рози қилишда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берилди.

Шунингдек, тадбирда узоқ йиллардан бери шу соҳада ишлаб келаётган судьялар ҳамда ёш судья ва ходимларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди. Суд тизимидаги бугунги ислоҳотлар, судьялар учун яратилган шароитлар ва вилоят судларининг одил судловни таъминлашдаги фаолияти фахрийлар томонидан ижобий баҳоланди.

Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Уч авлод вакиллари иштирокидаги бу галги учрашув ва унда айтилган насиҳатлар ҳам вилоят судларида фаолият олиб борувчи судья ва ходимлар учун касбида, турмуш тарзида ибрат бўлиши аниқ.

РАСМИЙ АХБОРОТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланиб, унда маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида коррупциянинг олдини олиш борасида суд органлари зиммасига муҳим вазифалар юклатилган.

2024 йилнинг 6 ойи давомида Хоразм вилоят судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, Хоразм вилоят ва жиноят ишлари бўйича туман(шаҳар) судлари томонидан 2024 йилнинг январь-июнь ойлари мобайнида мансабдор шахсларнинг маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги жами 5406 та қарори кўриб чиқилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли 210 та қарор бекор қилинган.

Соҳалар кесимида кўрсак, Солиқ органларининг 60 та, ИИБнинг 115 та, Кадастр агентлиги бошқармасининг 14 та, “Ўзэнергоинспекция”нинг 10 та ва бошқа органларнинг 11 та қарорлари суд томонидан бекор қилинган.

Вилоят маъмурий суди ва Урганч туманлараро маъмурий суди томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида ҳокимликларнинг 60 та, Солиқ органларининг 42 та, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 36 та, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармасининг 4 та, Транспорт бошқармасининг 1 та, Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросининг 5 та, Нотариал идораларнинг 2 та, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳудудий бошқармасининг 2 та, ФҲДЁ органларининг 1 та, Қурилиш органларининг 14 та қарорлари ҳақиқий эмас деб ва мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган.

Мазкур ишлар юзасидан суд таъсир чоралари қўлланилиб, вилоят судлари томонидан ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 156 та хусусий ажрим чиқарилган ва юқори ташкилотларига 20 та тақдимнома киритилган.

Хоразм вилоят суди матбуот химати

Янгибозорда фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди

Хоразм вилоятида фуқаролар билан “маҳаллабай” мулоқот қилиб, уларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тасдиқланган режага асосан Янгибозор туманида оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда вилоят суди раиси Ш.Камолов ва вилоят маъмурий суди раиси Ж.Султановалар аҳолининг судга доир мурожаатларини эшитиб, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар беришди.

Фуқароларнинг мурожаати асосан, апелляция шикоятини бериш ва мулкий низолар каби масалаларда бўлди. Шундан келиб чиқиб, уларга судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳамда биринчи инстанция суди қарорлари устидан шикоят беришнинг янги тартиби тушунтирилди.

Жараёнларда ҳеч бир фуқаронинг масаласи эътибордан четда қолмади. Қабуллардан мақсад ҳам туманларда истиқомат қилувчи аҳолини овора қилмасдан, яшаш ҳудудларига бориб мулоқотлар ўтказиш ва мурожаатларини ҳал этиш бўйича аниқ йўналиш беришдир.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

Судда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

Фуқароларни судлар фаолияти билан яқиндан таништириш ва жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ҳақида маълумот бериш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Унда туманда истиқомат қилувчи фуқаролар, жамоатчилик фаоллари, вилоят юридик техникумида таълим олаётган ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда иштирокчилар туманлараро суди биносида ташкил этилган адвокатлар хонаси, прокурор хонаси, фуқароларни қабул қилиш жараёни, суд мажлислар зали ҳамда судга ташриф буюрувчилар учун яратилган бошқа шароитлар билан танишдилар. Суднинг архиви ва девонхонаси фаолияти бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

Кейин эса судьялар ва қатнашчилар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда маърузачилар судда кўриладиган ишлар тоифаси, суднинг ваколатлари, фуқаролик ишларни кўришнинг процессуал тартиблари ҳамда туманлараро судида кўрилган ишлар таҳлили ҳақида гапиришди.

Мулоқотларда судьялар томонидан суд тизимидаги ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли масалаларига ҳам алоҳида тўхталинди. Жумладан, судьялар томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва унга мувофиқ жорий этилаётган тергов судьяси лавозими каби янгиликлар бўйича маълумотлар берилди.

Шунингдек, “Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида судга мурожаат қилувчи фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан ортиқ суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида ҳамда вилоят суди раҳбариятининг қабулида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди.

Айниқса, бу каби тадбирлар бўлажак ҳуқуқшунослар учун назарий билимларини амалиёт орқали янада мустаҳкамлаш, соҳа мутахассислари билан яқинда фикр алмашиш имкониятини яратгани билан фойдали бўлди дейиш мумкин.

“Гиёҳвандлик воситаси – келажак кушандаси”

2024 йил 9 июнь куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан фуқаро Н.Курбонов (исми шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, қонуний ечим қабул қилинди.

Бугун мамлакатимиз таррақиёти янги-янги чўққиларни забт этмоқда. Лекин келажагимизга таҳдид солувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.

Жамиятимиз гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муамола қилиш жинояти билан кўрашаётган бир пайтда, орамизда бу каби қилмишларни содир этаётган шахсларнинг хамон учраётганлиги ачинарли ҳолат.

Бироқ ҳар кандай жиноий қилмишга жавобгарлик белгиланган.

2024 йил 05март куни жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан Н.Курбоновга (исми-шарифлар узгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, ҳукм ўқилди.

Н.Курбонов2023 йил 6 сентябрь куни соат 12-50 ларда Урганч шаҳридаги “Bowling” биноси олдида тезкор тадбирга жалб қилинган Ж.Бга
2 дона қоғоз парчасига ўралган соф оғирлиги 0,12 грамм бўлган кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 600.000 сўмга сотиб ўтказган.

Суд томонидан Н.Курбоновга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукмига судланувчи ва унинг ҳимоячиси томонидан келтирилган шикоятига асосан, иш Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан 2024 йил 9 июнь куни кўрилиб, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

З.Якубов  Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Жисмоний ва юридик шахсларнинг маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли. Хўш, маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби қандай?

Маъмурий судга маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқли ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, маъмурий органлар деганда, Президентимизнинг
2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган республика давлат бошқаруви органлари (вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар) ва уларнинг ҳудудий органлари, маҳаллий давлат ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, маъмурий-бошқарув ваколати берилган бошқа органлар, ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади. 

Жумладан, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, Мажбурий ижро бюроси, нотариуслар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган маъмурий ҳужжатлар, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга шикоят қилиниши мумкин. 

Маъмурий ҳужжат маъмурий ваколатга эга орган (мансабдор шахс) томонидан қабул қилиниши, ташқи субъектларга (жисмоний ва юридик шахсларга) қаратилган бўлиши, муайян ҳуқуқий оқибат келтириб чиқариши билан умуммажбурий хусусиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқ қилади. 

Иккала тоифадаги ҳужжатнинг асосий фарқи шундаки, умуммажбурий хусусиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устидан маъмурий судга шикоят қилиш мумкин эмас, бундан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мустасно. Умумий қоида бўйича маъмурий органнинг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан олти ой ичида судга берилиши мумкин. 

Аризачига ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилганлиги ёки ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга тўсиқлар вужудга келтирилганлиги, аризачининг зиммасига бирор-бир мажбурият юкланганлиги маълум бўлган куннинг эртасидан судга мурожаат қилиш муддати бошланади. Шикоят маъмурий ҳужжатни ҳақиқий эмас, ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни қонунга хилоф, деб топиш тўғрисида бўлиб, маъмурий орган жойлашган ёхуд мансабдор шахс ишлайдиган жойдаги туманлараро маъмурий судга берилади. 

Маъмурий судларга шикоят қилишда жисмоний шахслардан давлат божи ундирилмайди. Давлат божи ишнинг натижаси бўйича қаноатлантирилган талабга мутаносиб равишда тарафлардан ундирилади.Аризани қаноатлантириш рад этилган ҳолларда, жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Дилмурод Юсупов Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси

“Бузоқнинг югургани сомонхонагача” ёхуд енгил даромад топишни кўзлаган “шоввоз”ларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади

Янгибозор туманида яшовчи,гарчи ёшлари бир-бирига мос бўлмасада, жиноят қилиш ниятлари бир-бирига тўғри келган Жасур ва Санжар (исмлари ўзгартирилган), туманнинг Бўстон маҳалласи ҳудудида чорва фермер хўжалиги ташкил қилиб, яхши ниятлар билан чорвачилик қилаётган Хамдам ака (исми ўзгартирилган)нинг оғилхонасига 2024 йилнинг 31 январь кунига ўтар кечаси хеч ким йўқлигини билиб, шу ердаги қорамоллардан бирини ўғирлаш учун борадилар, чунки “шоввоз”лар шу пайтга қадар оғилхонани бир неча кун давомида зимдан кузатиб, Хамадам акани молларни
ем-хашагини бериб уйига кетишини, атроф тинчишини ва бошқа ўзларига кераклиги маълумотларни обдон йиғиб ҳаракат қилганларда. 

Ўғирликка борган Жасур ва Санжар атрофни тинчлигидан, оғилхона ён атрофида ва  яқин орада хеч ким йўқлигидан жуда хурсанд бўлишади ва ниятлари осон амалга ошишини ўйлаб бир-бирига қараб “овлари” бароридан келаётганлигини имо-ишоралар билан тасдиқлаб қўйишади.

Шу тариқа иккала “шоввоз” оғилхона ичкарисига кириб қормаолларни 30-40 талигини кўриб, қайси бирини ўғирлаб кетишни ўйлашиб, она-бола қорамоларни олиб кетиш ўзларига қулай эканлигини бир-бирига тушунтириб олдиндан тузилган режаларини янада “мустаҳкамлайдилар”.

Жасур жиноий шериги Санжарга қараб телефон аппаратини атрофни ёруғ қилувчи тугмасини босишини айтади, Санжар ҳам ўзини жиноий шериги Жасурнинг маслаҳатига “лаббай” деб жавоб бериб, қўлидаги телефон аппаратини атрофни ёруғ қилувчи тугмасини босиб оғилхонага ёруғлик тарқатади, шундан кейин Жасур оғилхонанинг бир четида ётган бузоқни ёнига бориб ўрнидан турғизади, бузоқ эса ўрнидан туриб ёруғлик кўмагида ўзини онаси ҳисобланган, сал нарироқда ётган сигирнинг ёнига боради, бу ҳолатда иккала “шоввоз” жуда хурсанд бўлиб тезда сигирни қозиғидан ипини ечиб ташқарига тортқилайди, табиийки онасини ҳаракатини кўрган бузоқ ҳам ташқарига онасини ортидан эргашиб чиқади.

Шундан кейин йигитлар она-бола қормамолларни Шовот туманида “Пир бозор” номи билан машҳур бўлган мол бозорга олиб бориб ҳудди ўзларига тегишли қорамолларни сотаётганликларини, пулга зарур бўлганликларини айтиб, харидорларни ишонтириб ўзларига номълум бўлган бир шахсга бузоқни 3.5 млн. сўмга сигирни эса кейинчалик шахси маълум бўлган Даврон ака (исми ўзгартирилган)га 4.5 млн. сўмга сотиб пуллайдилар.

Халол меҳнат орқали боқилган қора-моллар эгаси Хамадам ака шу куни ўрнидан худди бир нарсани сезганидек эрталаб туриб оғилхонага боради ва у ердан она-бола қорамолларни турган жойида йўқлигини билиб, ён атрофдаги излардан уларни номаълум шахслар ўғирлаб кетганлигнини пайқайди.

Шундан кейин Хадам ака тезлик билан қарор қабул қилиб холат хақида хеч кимга гапирмасдан тўғри Шовот туманида “Пир бозор” номи билан машҳур бўлган мол бозорга бориб қорамолларини ахтариб бошлайди.

Хайриятки меҳнати халол бўлиб Жасур ва Санжар томонидан ўғирланиб, Даврон акага 4.5 млн. сўмга сотиб кетилган сигирни бозорда Даврон акани қўлида сотиш учун ушлаб турилганлигини кўради ва тезда Даврон ака ёнига бориб у ушлаб турган сигир ўзига тегишли эканлигини, тунда номаълум шахслар ўғирланган ва бозорга олиб келган бўлиши мумкинлигини сўраб суриштиради, Даврон ака ҳам инсофли ва диёнатли инсон бўлиб, Хамадм акани куюниб турганлигини кўриб унга барча ҳолатларни айтиб, иккала “шоввоз” Жасур ва Санжарларни юз тузилиши ва алоҳида белгилари тўғрисида маълумот беради.

Шундан кейин ҳолат бўйича Янгибозор туман ИИБ ходимларига хабар берилиб тезкор суриштирув ишлари бошланади, натижада Жасур ва Санжарларни шахсига аниқлик киритилади, харидор Даврон акадан бир бош сигир ҳужжатлаштириб олинади, Жасур ва Санжар томонидан номаълум шахсга сотиб юборилган бузоқнинг 3.5 млн. сўми улардан далилий ашё сифатида олиб қўйилади. 

Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди томонидан суд муҳокамаси ўтказилган юқоридаги ҳолат бўйича судланувчилар ўз айбларига иқрор бўлиб, уларни содир қилган жинояти иш бўйича мақбул далиллар билан ўз тасдиғини топди, жабрланувчига етказилган зарарлар тўлиқ қоплаб берилиб, судланувчиларга жазо муқаррарлиги таъминланди.

“Қилмиш-қидирмиш” деганларидек, енгил даромад топишни кўзлаган “шоввоз”ларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади.

         Р.Бобажанов Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судининг раиси

Суд тизимида янги институт: Тергов судьяси

Бугунги кунда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифалар ётади.

Ҳоирда жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. 

Бу ўз ўрнида, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда фаолият юритаётган бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юкламоқда ва бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга сабаб бўлаётган эди. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 10 июнь куни қабул қилган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиради. Ушбу фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан тўлдиришини таъминлаш юклатилди. 

2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқади.

Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда. Бу билан жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлар судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблигини тўлиқ таъминлашга эришилади.

Судьялар томонидан жиноят ишларини кўриш давомида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан тўла ва холисона текшириб чиқилиши, судланувчиларнинг барча важлари текширилиши ва тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни тўлиқ кўриб чиқилиши учун замин яратади. 

Фармонга мувофиқ, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Бунда тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиши, тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари томонидан амалга оширилиши ҳамда қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинч-тотувлигини таъминлаш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Қабул қилинган мазкур фармонга асосан янги киритилаётган ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтирилишига ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишларида кенг имкониятлар яратади. 

Ойбек Маҳмудов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Перейти к содержимому