Д И Қ Қ А Т, Т А Н Л О В !

Хоразм вилоят суди қуйидаги лавозимларга малакали кадрларни ишга қабул қилиш учун танлов эълон қилади.

  1. Вилоят судининг судья катта ёрдамчиси лавозимига;
  2. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судья ёрдамчиси лавозимига;
  3. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судья ёрдамчиси лавозимига

РАСМИЙ ТАЛАБЛАР

Танловда фақат юриспруденция йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган номзодлар қатнашиши мумкин.

Давлат тилини мукаммал билиши лозим. Хорижий тилларни (рус ва инглиз тиллари) билишга устуворлик берилади.

Фаолият соҳаси асосида қуйидаги билим- кўникмаларга эга бўлиши зарур:

  • суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларни билиш;
  • судларда кўриб чиқиладиган ишларни билиш (йўналишлар бўйича жиноят, фуқаролик ва иқтисодий);
  • суд ҳужжатлари билан ишлай олиш;
  • суд архиви ҳужжатларини билиш;
  • компьютер ва бошқа техника, зарур дастурий таъминотлардан фойдалана олиш.

Меҳнат шароити ва иш ҳақи:

  • Барча меҳнат шароитлари яратилган замонавий идора;
  • Иш режими: беш кунлик иш ҳафтаси, икки кун дам олиш куни (шанба, якшанба);
  • Ойлик иш ҳақи лавозимга қараб қўшимча тўловлари билан бирга ўртача 4-5 млн. сўм, мансаб даража олгандан сўнг 7-8 млн. сўмни ташкил қилади.
  • Қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбурий ижтимоий таъминот.

Номзодлар танловда иштирок этишлари учун 2023 йил 29 декабрь кунига қадар қуйидаги ҳужжатлар билан вилоят судининг кадрлар бўлимига мурожаат қилишлари лозим.

  • шахсий варақаси (маълумотнома- объективка);
  • диплом (дипломдан кўчирма)нинг      нусхаси, чет элда ўқиган бўлса, дипломи тан олиш ва нострификациядан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;
  • фуқаролик паспорти нусхаси;
  • Олдин ишлаган бўлса иш жойидан тавсифнома;
  • Хужжат топширмаган номзодлар танловда қатнашмайди.

Номзодларни танлов асосида саралаш, улар орасидан энг малакали ва масъулиятли мутахассисларни танлаш 2024 йил 5 январь куни вилоят судида ўтказилади.

Адрес: Урганч шаҳар, “Тинчлик” кўчаси, 22-уй.
Телефон: +99862 228-66-20

Танловда иштирок этувчи номзодлар учун топшириладиган ҳужжатлар ва саволлар намунаси:

Архивлар фаолияти тўғрисида

         Архив ўзи нима? Архив – бу архив хужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи муассаса ҳисобланади. 

Шунингдек архив иши – архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш бўйича фаолиятдир.

Ҳар бир давлат корхона, муассаса ва ташкилотларида албатта идоравий архивлар мавжуддир.

Идоравий архив-юридик шахснинг архив хужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинма ҳисобланади. Бизнинг суд соҳамизда ҳам идоравий архивлар мавжуд бўлиб, ҳар бирида биттадан архив мудири штати мавжуддир.

Ҳозирги кунда идоравий архивлар жуда яхши фаолият олиб бормоқдалар. Бизни Ўзбекистонда архивларни ривожлантириш мақсадида кўпгина қонун ва қарорлар ишлаб чиқилган.

Хусусан, идоравий архив ўз фаолиятини қуйидаги норматив-ҳуқуқий хужжатлар яъни Ўзбекистон Республикасининг 15.06.2010 йилдаги  252-сонли “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил  5 апрелдаги 101-сонли “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сонли “Архив иши бўйича меъёрий хужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори  асосида амалга оширади.

Идоравий архивнинг асосий вазифаси – ташкилот ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва давлат томонидан сақлашга топшириш учун тегишли архивларга топширишдан иборатдир.

Идоравий архив мудири тугалланган ишларни ҳамда шахсий таркиб хужжатларни жамлайди, ҳисобга олади ва сақлайди. Архивда сақланаётган ҳужжатларнинг илмий ва амалий қимматини аниқлаш учун экспертиза қилишни ташкил этади, иш юритиш жараёнида ҳужжатлар қимматини экспертиза қилишда услубий ёрдам кўрсатади, ҳужжатларни давлат архивига топшириш учун тайёрлайди ва “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда топширади, шунингдек ҳужжатлардан фойдаланишни ташкил қилади ва белгиланган тартибда ҳам манфаатдор ташкилотларга, ҳам фуқароларга маълумотномалар, ҳужжатлардан кўчирмалар ва нусхалар беради. 

Бизнинг суд соҳамизда архивларга жуда катта эътибор қаратилган.

Хусусан, архивимиз янги темир стеллажлар, сейф, компьютер ва сигнализация тизими, ҳаво ва намликни ўлчовчи ҳамда ёнғинга қарши воситалар билан тўлиқ таъминланган. Бу суд архивидаги ҳужжатлар белгиланган вақт оралиғида сифатли сақланади дегани.

Гўзал Эшчанова, Боғот туманлараро иқтисодий суди архив мудири

Хоразм вилоят судининг 2023 йилнинг 9 ойидаги фаолияти бўйича ахборот

Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2023 йилнинг 9 ойи давомида жами 1350 нафар шахсга нисбатан 1108 та жиноят иши ва 2361 та санкция ҳамда материаллар кўриб тамомланган. Кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 1084 нафар шахсга нисбатан 861 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган; 247 нафар шахсга нисбатан 232 та жиноят иши тугатилган; 232 нафар шахсга нисбатан 218 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли иш тугатилган.

Хоразм вилоятининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2023 йилнинг 9 ойи давомида жами 1350 нафар шахсга нисбатан 1108 та жиноят иши ва 2361 та санкция ҳамда материаллар кўриб тамомланган. Кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 1084 нафар шахсга нисбатан 861 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган; 247 нафар шахсга нисбатан 232 та жиноят иши тугатилган; 232 нафар шахсга нисбатан 218 та жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли иш тугатилган.

99 нафар шахс суд залидан қамоққа олинган, 58  нафар шахс қамоқдан озод этилган.

Ўзбекистон Респубдикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан 849 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Барча инстанцияларда 13 нафар шахсга нисбатан 7 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқарилган.

Кўриб тамомланган жиноят ишлардан 134 нафарини ёки 9,9 фоизини аёллар, 37 нафарини ёки 2,7 фоизини вояга етмаганлар, 54 нафарини ёки 4 фоизини 60 ёшдан ошганлар ташкил этади.

Мазкур даврда 23.324 нафар шахсга нисбатан 20.786  та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 12.402  нафар шахсга нисбатан 11.601 та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган, 10.922  нафар шахсга нисбатан 9.185 та иш тугатилган.

2023 йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилга нисбатан судланганлик кўрсаткичи ошган жиноят ишлари юзасидан суд амалиётлари умумлаштирилиб, якуни бўйича тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилиши, вилоят судлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорликдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган бир қатор самарали тарғибот ишлари ўтказилган бўлишига қарамасдан, мазкур даврда ҳаракат хафсизлиги қоидаларини бузиш жиноятлари (ЖК 266-модда) 15 (198/183) тага, қасдан одам ўлдириш (ЖК 97-модда) 8 (10/2) тага, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар (ЖК 118,119-моддалар) 13 (17/4)тага, , қўшмачилик қилиш ёки фохишахона сақлаш (ЖК 131-модда) 27 (56/29) тага, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар (ЖК 270, 271, 273-276-моддалар) 43 (216/171) тага судланган шахслар сони ошган.

Бироқ, судларда содир этилган ҳар бир жиноятни маҳаллада муҳокама қилиш, унинг асл сабабларини аниқлаб, бартараф этиш амалиёти йўлга қўйилганлиги натижасида қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш (ЖК 104-105-моддалар) 21 (57/78) тага,ўғирлик жиноятлари (ЖК 169-модда) 6 (192/198) тага,фирибгарлик (ЖК 168-модда) 60 (231/291) тага, порахўрликжиноятлари (ЖК 210-212-модда) 16 (37/79) тага,ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари (ЖК 167-модда) 30 (103/133) тага судланган шахслар сони камайган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 204 та ёки 18,25   фоиз жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган.

Шунингдек, судлар томонидан кўриб тамомланган турли тоифадаги ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилиб, уларнинг сони 83 тани ташкил этган, уларнинг натижаси бўйича тегишли
корхона, муассаса ва ташкилотларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан 71 та тақдимнома киритилган, 1108 та иш бўйича 97.7 фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.

Бундан ташқари, жойлардаги криминоген вазият таҳлилидан келиб чиққан ҳолда вилоят судлари томонидан ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса ташкилотлар ҳамда аҳоли ўртасида учрашувлар, суҳбатлар ўтказилиб, 468 маротаба маърузалар билан ҳамда 362 та ОАВда чиқишлар қилинган.

Хоразм вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туман шаҳар судларига 2023 йилнинг 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахс вакилларидан жами 1707 та мурожаат келиб тушган, шундан 488 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонаси орқали,  1219 таси жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти, туман (шаҳар) судларининг раислари, судьялари ва масъул ходимларининг қабулида ҳамда почта орқали ва шахсан аризачилар томонидан тақдим қилинган. Ушбу аризаларнинг 17 таси тегишлилиги бўйича, 89 таси тааллуқлилиги бўйича юборилган ва қолган мурожаатлар суд раислари томонидан тегишли тартибда атрофлича ўрганиб чиқиб, мурожаат муаллифларига ёзма тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилган

Вилоят судининг фуқаролик судлари томонидан, 2023 йил 9 ойи давомида биринчи инстанция судларида жами 15.249  та  фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 8.639   та даъво қаноатлантирилган, 1.127 та даъво ариза рад этилган, 103 та  фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган, 1.777  та даъво аризалар  кўрмасдан қолдирилган. 12 хакамлик суди қарори билан боғлиқ иш. 3.591 та материаллар кўриб тамомланган.

Хоразм вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида 9.69 та суд буйруғи чиқарилган.

Ушбу даврда судлар орқали никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар сони 2.101 тани ташкил этган. Шундан, 1.327 таси бўйича даъво қаноатлантирилган. 569 та фуқаролик иши бўйича даъволар  рад этилган. 172 та фуқаролик иши  кўрмасдан қолдирилган. 33 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган.

Вилоят судлари томонидан ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса ташкилотлар ҳамда аҳоли ўртасида учрашувлар, суҳбатлар ўтказилиб, 321 маротаба ва 141 та ОАВда чиқишлар қилинган.

Низолар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан чиқарилган хусусий ажримлар сони 68 та, умумлаштиришлар эса 26 тани ташкил қилган.

Ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш жами кўриб тамомланган 11.644 та фуқаролик ишларининг 897 таси яъни 7,7 фоизини ташкил этган. ташкил этган.

2023 йилнинг 9 ойидавомида жами 2270 та мурожаат (35 та қолдиқ аризалар билан 2305 тани ташкил этади), шундан виртуал қабулхона орқали 1126 та мурожаат келиб тушган. Бевосита вилоят ва туманлараро судларига келган умумий мазмундаги мурожаатлар сони 328 та, вилоят ва туманлараро судлари раиси ва ўринбосарларининг шахсий (сайёр) қабулида қабул қилинган мурожаатлар сони 816 тани ташкил этган. Мазкур мурожаатларнинг 3 таси қаноатлантирилган, 10 таси рад қилинган, 1086 та мурожаат бўйича тушунтириш берилган.

Вилоят судининг иқтисодий судлари томонидан 2023 йил 9 ойи давомида биринчи инстанция судларида жами 6.880 та  иқтисодий ишлари кўриб тамомланган. Шундан, 5.422 та даъво қаноатлантирилган, 986 та даъво ариза рад этилган, 91 та  иқтисодий иши иш юритишдан тугатилган, 133 та даъво аризалар  кўрмасдан қолдирилган. Жами кўрилган ишларнинг 1.847 таси, 26,8% сайёр суд мажлисларида кўрилиши таъминланган.

2023 йилнинг 9 ойи мобайнида кўрилган ишларнинг тоифалари 2022 йилнинг шу даври билан таққосланганда,

  • Инвестицион низолар юзасидан ишлар 6 тага;
  • Молиявий жарима қўллаш юзасидан ишлар 81 тага;

–  Лизинг шартномаси юзасидан ишлар 7 тага камайган бир вақтда,

– Банклардаги ҳисобварақалар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш бўйича ишлар 120 тага;

–    Коммунал хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича 580 тага;

–    Контрактация шартномаси бўйича 234 тага;

–  Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш юзасидан ишлар 164 тага;

– Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан ишлар 115 тага;

–   Ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар 82 тага;

– Банкрот деб эътироф этиш юзасидан ишлар 96 тага кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

Ушбу даврда инвестиция мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларига нисбатан мажбурият юклаш юзасидан 1 та иш кўрилиб қаноатлантирилган.

Шунингдек, ушбу даврда хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 1.281 та ишлар кўрилиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари тикланиб, уларнинг фойдасига 426330.12 млр сўм маблағлар ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. 

2023 йилнинг 9 ойи мобайнида иқтисодий судлар томонидан аҳоли орасида 91 та маърузалар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида 96 та чиқишлар қилинган.

2023 йилнинг 9 ойи давомида Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 231 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 87 таси  Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан, суд раҳбарияти шахсий қабулида 113 та ҳамда 31 та умумий мазмундаги мурожаатлар келиб тушган.

Суд раҳбариятининг шахсий қабулида 113 та, шундан сайёр қабулда 40 та, бевосита идорада 73 та хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари ва тадбиркорлар қабул қилинган. (ўтган йилнинг шу даврида 196 та келиб тушган бўлиб, ўтган  йилга нисбатан 83 тага камайган) Келиб тушган жами 113 та мурожаатнинг 12 таси суд хужжатлари юзасидан, қолган 101 таси бошқа масалалар бўйича мурожаатларни ташкил қилади.

Шахсий қабулда жисмоний ва юридик шахслар томонидан келтирилган важлар раҳбарият томонидан тингланган ва мурожаат муаллифларига оғзаки тушунтиришлар берилган.

Конституциядан

Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддаси)

Конституциядан

Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддаси)

РАСМИЙ АХБОРОТ

Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди 1983 йилда Урганч туманида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, оиласидан ажрашган, 2 нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ шифохонаси реанимация бўлими ҳамшираси бўлиб ишлаган Г.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси1-қисми билан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда аниқланишича Г.А. алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, 2023 йил апрель ойининг бошларида фуқаро И.О.ни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Урганч шаҳридаги шифохонасида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳамширалик вазифасига ишга жойлаштириб қўйишини, бунинг учун юқори лавозимда ишловчи танишига 2500 АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб алдаб, уни пора беришга қизиқтириб, пора бериш жиноятини содир қилишга далолат қилиб, 2023 йил 20 апрель куни соат 12:30 ларда Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ шифохонасида И.О.дан 1500 АҚШ доллари ва 5.500.000 сўм пулларни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Судланувчи Г.А. судда айбига тўла иқрорлик билдириб, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув ихтиёрий равишда тузилганини, ўз ҳаракати моҳиятини, унинг шартларини тушунганини, келишувни қўллаб-қувватлашини, қилмишидан пушаймонлигини, енгиллик қилишни сўраб кўрсатув берган.

Суд Г.А.нинг айбига тўлиқ иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий аҳволини, ягона боқувчилигини ва 2 нафар фарзанди борлигини, иш бўйича зарарлар мавжуд эмаслигини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб ҳукм қилди.

Суд ҳукмига кўра Г.А.га оид жиноят иши бўйича айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув тасдиқланди. Г.А. ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унага ЖКнинг 59-моддаси тартибида ўташ учун узил-кесил 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати

ФАРЗАНДИГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ СОДИР ҚИЛГАН ОНА ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Она буюк зот, таърифи сўзларга сиғмас буюк ҳилқат.  Муқаддас динимизда ҳам оналар улуғланган, фарзандлари уларга яхшилик қилишга буюрилган. Жаннат оналар оёғи остида, дейилади. Она ўз фарзанди учун ўз жонини беришга ҳам тайёр бир мўъжизадир. Аммо ҳамма оналар ҳам шундай буюк таърифларга муносибмикин? Афсуски, фарзанди учун жон беришдан кўра, унинг жонини олишга тайёр оналарнинг бугунги жамиятимизда борлиги жуда ачинарли ҳолат.  Бундайларни она дейишга ҳам тилинг бормайди. Тўғри-да, қайси она ўз фарзандининг жисми жонига, руҳига озор етказиб, азоблаб жоҳиллик қилиши мумкин? Ҳатто биз онгсиз мавжудот деб атайдиган ҳайвон ҳам боласига бундай зулмни раво кўрмайди. Бугун суднинг қора курсисида кўзи очилган “она” йиғидан ўзини тия олмади. Фарзандларига қилган зулмларидан пушаймон бўлса-да, унинг қилмишларини  қонунларимиз ҳам,  динимиз ҳам  оқламайди. У ўз фарзандларига етказган жисмоний ва маънавий зарарлари учун жавоб беришга мажбур. 

МАСТ ОНА ҚИЗИНИ КАЛТАКЛАДИ

С.М.Каримова(исм-фамилиялар ўзгартирилган) Гарчи ўз фарзандлари бўлса ҳам бундай онанинг ёнида уларни қолдириб бўлмасди. Чунки ор-номус, ҳаё-ибосини бир четга суриб, енгил-елпи ҳаётни танлаган бу аёл фарзандларини ҳам аямади. Ҳали вояга ҳам етмаган 15, 13 ва 11 ёшли қизалоқлар онасининг аҳлоқсизлигидан норози бўлишади. Унинг қўл телефонига келаётган уятли, ишқий, беҳаё мазмундаги хабарларга кўзи тушган 11 яшар қиз бу беҳаёликни ҳазм қила олмайди. Онасига бу иши яхши эмаслигини айтиб, норозилик билдирганида эса мурғаккина танаси калтаклар зарби остида қолади. Спиртли ичимлик таъсирида маст бўлган аёл муттасил равишда қизига раҳмсизларча муносабатда бўлиб, ўта шафқатсизлик билан таёқдан ясалган ўқлов ва ҳассалар билан уриб, тан жароҳатлари етказади, қайчибилан қизининг сочини қирқаётиб, терисини ҳам  шилиб олади. Қизларига таълим-тарбия бериб, она сифатида яхши ўрнак бўлиш ўрнига маст-алас бўлиб, фарзандини қаттиқ жисмлар билан калтаклаб, жароҳатлаган бу аёлни оналик мақомида қолдириш мумкинми? Йўқ, албатта. Гарчи онасининг ҳаракатларини ошкор қилмаслик учун фарзандлар сукут сақлаб, жим турган тақдирда ҳам қонун бу норасида фарзандларни бундай жоҳил аёлнинг қўлида қолдирмайди.  Шу юзасидан Хива туман прокуратураси вояга етмаган 18.08.2007 йилда туғилган Б.Г.Миролим қизи, 17.11.2009 йилда туғилган Б.Х.Миролим қизи ва 22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизи манфаатида судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар С.М.Каримовани ўз фарзандларига нисбатан жиноят содир қилганлиги сабабли  оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни сўраган.

МУРҒАК ҚИЗАЛОҚНИНГ ТАНИДА ШУНЧА ЖАРОҲАТ

Суд-тиббий экспертизасининг 24.12.2021 йилдаги 579-сонли эксперт хулосасини ўқиган инсоннинг фарзандга шунча тан жароҳати етказган онага нисбатан нафрати ошиши шубҳасиз.  Экспертиза хулосасига  кўра, жавобгар  22.09.2011 йилда туғилган Б.С.Миролим қизига ўнг қўл билак суягига, бош миясига, бош пешона, чап елка  ва чап билагига, чап елка бўғим ташқи юзасига, бош, юз, иккала кўз қовоқларига, бурун, лабларига, иккала қулоқ супраларига, кўкрак қафасининг олд ва орқа юзаларига, қорин ва бел соҳаларига, иккала қўл ва оёқларига, қайчи билан бош ўнг тепа-чакка соҳасига, ияк остига уриб, қийнаб, унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича С.М.Каримова Ўзбекистон республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “г” ва “м” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

СЎНГГИ ПУШАЙМОН ЎЗИНГГА ДУШМАН

Суд мажлисида жавобгар С.М.Каримова ўзини йиғлашдан тўхтата олмади ва ҳатто тушунтириш ҳам бера олмаслигини билдирди.Албатта, у қилган ишлари учун пушаймон эди, аммо фарзандларига ҳам жисман, ҳам руҳан етказган жароҳатлари, оналикка зид ҳатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур. Суд прокурорнинг даъвони қаноатлантириш ҳақидаги фикри ва музокарасини тинглаб ҳамда ишдаги тўпланган ҳужжатларни яна бир бор таҳлил қилиб, жавобгар С.М.Каримовани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттирди.

Вояга етмаган фарзандлар эса бугунги кунда Янгиариқ туманидаги 1-сон “Фаровон” оилавий болаларуйида тарбияланмоқда. Суд иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, фарзандлар таъминоти учун жавобгар С.М.Каримовадан алимент ундирилишини ҳам белгилаб қўйди.

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ҚОНУНЛАРДА ҚАНДАЙ АКС ЭТГАН?

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги 23-сонли қарорининг 15-бандида ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 79-моддасига биноан ота-оналик ҳуқуқидан ўзларининг айбли хулқ-атворига кўра, агар улар ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлашлик деганда – ота-оналик бурчларини узлуксиз равишда бажармаслик, ўз болаларига қандай бўлмасин ғамхўрлик қилмаслик тушунилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 80-моддасининг 4-қисмига биноан суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

ОНА БЎЛИШ БАХТ, ОНАЛИК ҚИЛИШ ШАРАФДИР

Фарзанд Аллоҳнинг буюк неъмати. Мана шу буюк инъом ила аёл оналик мақомига сазовор бўлади. Ҳамма аёл ҳам ҳам оналик бахтига эриши мумкин, аммо афсуски уларнинг ҳаммаси ҳам фарзандига ҳақиқий она бўла олмайди. Оналикнинг қадрига етмайди. Ғурур, ор-номус, андиша ва ҳаёни, она эканлигини унутган қаҳрамонимиз бугун ич-ичидан қилган айблари учун пушаймондир, аммо бу пушаймонликдан не наф. Отасиз фарзандларининг онасиз қолишига ҳам сабабчи бўлди. Бундай онага пушаймонлиги сабаб раҳмимиз келар, аммо қалбида, жисмида оғриқларни ҳис қилган фарзандлари кечирармикин? Сабоқ олиш ва хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Балки бундай оналар орамизда кўпдир, уларнинг разилона ҳаракатлари ҳали ошкор бўлмагандир. Аммо унутмасинларки, Яратганнинг адолатидан ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди. 

Бобур Абдуллаев, Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди судьяси

Шахсга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш

Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири. Бу мажбуриятлар шахсга ёки мол-мулкка ғайриқонуний хатти-ҳаракат натижасида етказилган зарарларни қоплашга қаратилган.

Шахснинг зарар етказганлик учун фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликка тортилиши учун зарар етказилганлиги, зарар етказувчи шахс ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)нинг ҳуқуққа хилофлиги, етказилган зарар билан ҳуқуққа хилоф қилмиш ўртасида сабабий боғланиш, зарар етказувчи шахснинг айби ёки зарар етказувчи шахс хатти-ҳаракатларини назорат қилиш мажбурияти юкланган шахснинг айби тасдиқланиши шарт.

Зарар деганда ҳуқуқбузарлик натижасида жабрланувчига тегишли мол-мулкни, мулкий ҳуқуқ ҳажмини камайишида ёки йўқотилишида намоён бўладиган моддий зарар ёки номоддий неъматни (жисмоний шахсни ҳаёти ёки соғлиғини) шикастланиши ёҳуд ундан маҳрум бўлиниши тушунилади. Шу сабабли қонунчиликда ҳам зарарнинг моддий ва маънавий шакллари алоҳида қайд қилинади.

Моддий зарар кўрган жабрланувчи жисмоний шахс ҳам, юридик шахс ҳам бўлиши мумкин. Маънавий зарар бўйичажабрланувчи фақат фуқаро бўлиши мумкин. Фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар, шунингдек, маънавий зарар ўзига хос хусусиятларга эга бўлишини ҳисобга олиш лозим. Етказилган зарар тўлиқҳажмда, бой берилган фойдани ҳам қўшиб ҳисобга олган холда ундирилади. Шахснинг бузилган ҳуқуқини, нобуд бўлган ёки шикастланган мол-мулкини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган ҳаракатлари ҳақиқий (реал) зарар ҳисобланади.

Қонунда етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаш умумий қоидасидан истисно назарда тутилиши мумкин. Умумий қоидага кўра зарарни тўлаш мажбурияти бевосита зарар етказувчига юкланади. Айни пайтда қонунда етказилган зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказган шахсга эмас, балки унинг хатти-ҳаракатлари учун масъул бўлган ёхуд унинг хатти-ҳаракатларини назорат қилиши шарт бўлган шахсларга ҳам юкланиши мумкин.

Зарар етказувчи айбининг шакли қонун ҳужжатларида бевосита белгилаб қўйилган холлардагина ҳуқуқий оқибатларга эга бўлади. Қолган ҳолатларда қасд ёки эҳтиётсизликдан қатъий назар қилмиш тўлақонли айб асосида содир қилинган ҳисобланади, яъни айбнинг ҳар қандай шаклида етказилган зарар тўлиқ ҳажмда ундирилади. Зарар етказган шахс, агарда бунда ўзининг айби йўқлигини исботлаб берса, яъни форс-мажор ҳолатлари рўй берган ёхуд учинчи шахснинг айби мавжуд бўлса жавобгарликдан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумини 2000 йил 20 апрелдаги “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 7-сонли қарорининг 2-бандига асосан, маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021-моддасига мувофиқ, маънавий зарарни етказувчи шахснинг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан тўланиши лозим, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатьий назар зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ортиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса қопланади, 1022-моддасига кўра, маънавий зарар пул билан қопланади, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти, маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланди, маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъий назар қопланади.

Ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши, низонинг судда кўрилиб қонуний ечим топишига асос бўлади.

Судларга мурожаат қилишда тўланадиган давлат божининг миқдорлари “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун билан тасдиқланган Давлат божи ставкалари асосида тўланади ва бу миқдор маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризалар учун амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, моддий зарар ундириш ҳақидаги даъволардан эса даъво талабининг 4 фоизи миқдорида белгиланган.

Шунинг билан бирга қонунга хилоф равишда ҳукм этганлик, жиноий жавобгарликка тортганлик, маъмурий жазо берганлик туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар, шунингдек жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан судга мурожаат қилинганида давлат божи тўланмаслигини қайд қилиш лозим бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, етказилган зарарни суд тартибида ундирилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалда самарали ҳимоя қилиш ва инсонпарварлик тамойилига тўлиқ риоя этиш имконини беради.

Анвар Рахимов,  Хоразм вилоят судининг судьяси 

Хоразм вилоят судида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди

Хоразм вилоят судида оммавий ахборот воситалари ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда вилоят суди раиси Б. Полванов сўзга чиқиб, журналист ва блогерларни суд тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар ва судда кўрилаётган ишлар статистикаси билан таништирди.

Очиқ мулоқот тарзида давом этган тадбирда журналистларнинг суд процессида иштирок этиш тартиби, суд жараёнини видео ва фототасвирга олиш бўйича тушунтириш берилди. Очиқ суд мажлисларида нафақат ОАВ вакиллари балки, ҳар бир фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан бемалол иштирок этиши мумкинлиги таъкидланди.

Мулоқот якунида суд-ҳуқуқ йўналишини фаол ёритиб келаётган бир гуруҳ журналист ва блогерларга вилоят суди раиси томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди.

Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти

Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак. Ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 99-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. лекин ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.

Шунга кўра, Маржона Бахрамбек қизи судга суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиб, 2022 йил 18 январда туғилган Умар Сардорбек ўғли таъминоти учун Сардорбек Эргашевичдан алимент ундиришни сўраган.

Суднинг 2022 йил 01 августдаги суд буйруғи билан қарздор Сардорбек Эргашевичдан ундирувчи Маржона Бахрамбек қизи фойдасига 2022 йил 18 январда туғилган Умар Сардорбек ўғли исмли фарзандининг таъминоти учун унинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.

Ушбу суд буйруғи қарздор Сардорбек Эргашевичнинг билдирган эътирози сабабли суднинг 2022 йил 12 августдаги ажрими билан бекор қилинган.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 181-моддасига кўра қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради.

Шунга кўра, Маржона Бахрамбек қизи 2022 йилнинг сентябрь ойида  судга даъво ариза билан мурожаат этиб, турмуш ўртоғи Сардорбек Эргашевич билан ўзаро келишмовчиликлар сабаб алоҳида яшаётганлигини, вояга етмаган фарзанди ўзининг тарбиясида эканлигини, Сардорбек Эргашевич эса фарзанди таъминотида иштирок этмаслигини билдириб, 2022 йил 18 январда туғилган Умар Сардорбек ўғли исмли фарзандининг таъминоти учун алимент ундиришни сўраган.

Суднинг 2022 йил 22 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар Сардорбек Эргашевичдан даъвогар Маржона Бахрамбек қизи фойдасига 2022 йил 18 январда туғилган Умар Сардорбек ўғли исмли фарзандининг таъминоти учун унинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент 2022 йил 01 августдан бошлаб ундирилиши белгиланган.

Элёр Рўзимов, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг раиси

Перейти к содержимому